Энди сизми менга ақл бергувчи?! (+видео)

 

Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сиз ҳали билмасдан ғордан нарини,
Беруний чизганди дунё шарини.
Унутдингиз наҳот бунинг барини,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сиз ҳали бармоқла қилганда ҳисоб,
Хоразмий битганди Жабрда китоб.
Ўзлаштириб бобом асарин шитоб,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сиз ҳали афсундан кутганда нажот,
Бизда равнақ топган эди тиббиёт,
Бобом эди Ибн Сино деган зот,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Форобий жамият таърифин қилиб,
Сизга ўрганмоққа қўйганди илиб.
Давлат тузмоқликни Ўзбекдан билиб,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сичқон ини бўлгандику минг танга,
Боязид хавфи солганда кўланка.
"Халоскор"ни ўзгартиб “Темурланг”га,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сиз осмонга боқиб, хаёл сурган он,
Самога Улуғбек қўйганди нарвон.
Биздик сизга илм даштида сарбон,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Сиз ҳали чайлада яшаган маҳал,
Бобурийлар қурган эди Тожмаҳал.
Иншо этмоқликни ўрганиб сағал,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Тарихдан мисоллар келтирдим бироз,
Мақсадим, кимлигим эслатмоқ холос,
Ўзини билганга эмасдир бу оз,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Ўзбек номи янграмоқда жаҳонда,
Диёримда бунёдкорлик ҳар ёнда,
Барча бизга ҳавас қилган бу онда
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Юртим юксак тараққиёт йўлида,
Ўз тақдири энди тўла қўлида.
Гул очилган пайтда унинг чўлида,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

Халқимни етаклар улуғ Юртбоши,
Бахтли бугун элнинг кекса-ю, ёши.
Тарозу босганда Ўзбекнинг тоши,
Энди сизми, менга ақл бергувчи?!

                                             ДИЛМУРОД ЖУМАБОЕВ

Биз Twitterда