Энди кечирим билан иш битмайди, қонун олдида жавоб бериш керак

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида парламент юқори палатаси ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
 
 
Ижтимоий масалаларни ҳал этиш мақсадида муҳим дастурлар қабул қилиниб, шу асосда катта ишлар амалга оширилаётгани, парламентнинг юқори палатаси аъзолари ҳам бу борада ташаббус ва аниқ таклифлар киритиши зарурлиги таъкидланди. 
– Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим. Ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради, – деди Президент. 
Шунингдек, Олий Мажлиснинг юқори палатаси мамлакатимизда коррупцияга ва жиноятчиликка қарши кескин курашиш муҳитини яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишда, давлат идораларининг жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш борасидаги ишлари устидан назоратни кучайтиришда фаол бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.
«Бош прокурорга учта йўналишда - қурилиш, тиббиёт ва олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қаттиқ топшириқ берганман. Сенаторлар ҳам коррупция қарши куришишда жиддий назорат олиб бориши керак. Чунки коррупция халқнинг ғазабини келтиряпти.
Мана, Иқтисодиёт университетида бир валломатни ишдан олдим, Ходиевни. Янги ректор университет ўқитувчилари ўртасида аттестация ўтказди, 65% ўқитувчи ўта олмади, билими йўқ. Тасаввур қиляпсизми буни? Коррупцияга ботиб кетган, бечора талабалар шунча йил қанақа қилиб чидаб ўқиган, ҳайронман.
Ректорлар ҳам давлатдан ойлик оладику, ахир. Шу сабабли ректорларни ҳам маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдор бўлиши керак.
Кеча телевизорда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Мажидовнинг Бош прокуратурадаги йиғилишдан кейинги интервьюсини кўрдим. “Ҳа, менда хато эди, кечирим сўрайман» дейди. Узр билан иш битмайди, қонун олдида жавоб бериш керак ҳамма. 3 йил кечирдик, етади. У давр ўтди. Энди шунчаки кечириб сўраш билан қутилиб қолиш бўлмайди, қонуний чора кўрамиз, - деди Президент

Биз Twitterда