Декларация топширишни унутган тузуккина жарима тўлайди!

 
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан, асосий иш жойидан ташқари даромад олувчи жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жорий йилнинг 1 апрелигача тақдим этишлари лозим.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация солиқ тўловчининг олинган йиллик даромади тўғрисидаги ёзма аризасидан иборат бўлади.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларациясига асосий иш жойи бўйича тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотнома илова қилинади.
Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳамда унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, жинси, фуқаролиги, доимий яшаш жойи манзили;
солиқ тўловчининг идентификация рақами;
солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар турларга ажратиб кўрсатилган ҳолда олинган жами йиллик даромад (бир марталик операциялардан ҳамда мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларни декларация қилиш учун фақат ушбу операцияларнинг ўзидан олиш мўлжалланаётган даромад акс эттирилади);
даромадларнинг манбалари;
даромад олиш билан боғлиқ харажатлар, мажбурий тўловлар, чиқимлар ва ажратмаларнинг суммалари;
жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар;
ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси;
ҳақиқатда тўланган солиқ суммаси.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадини декларация қилиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация бланкалари солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан бепул берилади.
Жисмоний шахс тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда тўланиши лозим бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг камайишига олиб келувчи хатолар аниқланган тақдирда, жисмоний шахс декларацияга зарур ўзгаришлар киритиши шарт.
Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугагунига қадар берилса, солиқ тўловчи Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.
Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугаганидан кейин, бироқ хатолар давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқлангунига қадар берилса, солиқ тўловчи солиқнинг етишмаётган суммасини ҳамда унга тегишли пеняни тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади.
Жисмоний шахс давлат солиқ хизмати органининг тақдим этилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда аниқланган хатолик тўғрисидаги билдиришномасини олган кун давлат солиқ хизмати органи томонидан хатолик аниқланган кун деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Жисмоний шахсларнинг йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни электрон кўринишда тақдим этиш” интерактив хизмат бир қатор афзалликларга эга. Ушбу дастурий маҳсул барча ҳудудий солиқ идораларига ўрнатилган бўлиб, ундан унумли фойдаланиш ва маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш ҳамда декларацияларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш йўлга қўйилган. Бунинг натижасида декларация тақдим этаётган жисмоний шахс ортиқча қоғозбозликдан ва маълумотларни тўплаш ишларидан озод этилиб, уларнинг қимматли вақти тежалади. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни акс эттириш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 174-моддаси, учинчи қисмига асосан, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шу сабабли декларация топшириш лозим бўлган жисмоний шахслар ҳисоботнинг якуний санаси – 1 апрелни кутмасдан, ҳозирданоқ яшаш жойларидаги давлат солиқ органларига бориб, жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари, ҳисобланган қўшимча солиқларни эса жорий йилнинг 1 июнига қадар тўлаб қўйишлари мақсадга мувофиқ.
Бинобарин, қонун доирасида тўланиши шарт бўлган тўловни фуқароларимиз ўз вақтида амалга ошира олишлари учун бугунги кунда барча шароитлар етарли.
Иқболжон ҲАКИМОВ,
Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Биз Twitterда