Чустда халқ муаммоларини ўрганиш якунлари эълон қилинди

Article
Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг кундалик ҳаётда учраётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, уларга ҳар томонлама муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кенг қамров касб этмоқда. Мазкур жараёнда халқ вакиллари ҳам фаол қатнашаётгани эътиборга молик.
Халқ депутатлари Чуст тумани Кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг халқ манфаати йўлида бажараётган ишларини ўрганиш натижалари атрофлича кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати аъзоларидан иборат гуруҳ Чуст тумани маркази ва қишлоқлардаги жами 800 га яқин хонадонга кириб, уларнинг яшаш шароити, эҳтиёж, таклиф ҳамда муаммолари билан яқиндан танишди. Мана шундай очиқ мулоқотлар асносида 1 минг 200 дан зиёд муаммоли масалалар ўртага ташланди. Аксарияти уй-жой-коммунал хизмати кўрсатиш, тиббий хизмат, таълим, бандлик, ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ ушбу масалаларнинг 347 таси бевосита жойида депутатлар кўмагида ҳал этилди.
Хусусан, туманда томорқа хўжалиги ва ҳунармандчиликни ривожлантириш имкониятлари етарли бўлишига қарамай, бор-йўғи, 13 та оилавий тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётгани айни йўналишдаги ишларни такомиллаштириш заруратини кўрсатади. Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” маркази орқали давлат хизматлари кўрсатишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиб юбориш ҳолатларига йўл қўйилаётгани, табиий газ, электр энергияси ҳамда ичимлик суви таъминотидаги узилишлар кичик корхона ва фирмалар, бошқа субъектлар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлаётгани ҳам эътирозларни келтириб чиқармоқда. Туманда саккизта маҳалла фуқаролар йиғинига ичимлик суви тармоғини тортиш масаласи долзарб вазифалардан саналади. Маҳаллий аҳамиятга молик, қолаверса, хўжаликлараро автомобиль йўлларини таъмирлаш борасида камчиликлар мавжуд.
Сессияда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида кўзбўямачилик ҳолатлари кузатилаётгани танқид қилинди. Тумандаги қатор корхона, ташкилот, муассасалар томонидан квоталанган иш ўринларини ташкил этиш мажбурияти бажарилмаяпти. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича тўрт томонлама шартнома шартларига иш берувчилар томонидан тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари учраб турибди.
Ижтимоий соҳа — таълим муассасалари аҳволи ўрганилганида, умумтаълим мактабларига спорт зали, қўшимча ўқув биноси қуришда, мактаб кутубхоналари фаолиятини яхшилаб, уларга бадиий адабиёт ва методик қўлланмалар етказишда ечимини кутаётган муаммоларга дуч келинди. Айрим мактабларда мавжуд спорт жиҳозларидан ўқувчилар мунтазам фойдаланиши учун шароит яратилмаган.
Қишлоқ врачлик пунктларидаги патронаж ҳамшираларининг ҳаммаси ҳам иш вақтидан тўғри фойдаланмаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Кўпгина ҚВПларда умумий амалиёт шифокори етишмайди.
Узоқ йиллик тарихга эга Чуст шаҳри ҳамда унинг қишлоқлари гўзал табиати, осориатиқалари билан барчани жалб этиб келади. Шунга қарамай, ҳудудда туризмни ривожлантиришга жиддий ёндашилмаяпти. Ёз мавсумида юз минглаб меҳмон ташриф буюрадиган туман маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар эскирган. Боғ ҳудудини кенгайтириш, бу ерда автотураргоҳ ҳамда бошқа қўшимча шохобчалар қуриш орқали 500 та иш ўрни яратиш мумкин.
Сессия кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилиш жараёнида халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятини янада жонлантириш, сайёр қабул, депутат сўрови имкониятларидан самарали фойдаланиш давр тақозоси экани айтиб ўтилди.
Халқ депутатлари Чуст тумани Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сўзга чиқди.
Йиғилишда тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Биз Twitterда