Халқаро тараққиёт жамғармаси Наманган вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 54 миллион доллар кредит тақдим этди

2020 йил 25 февраль куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси (OFID) томонидан Ўзбекистонга 54 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит тақдим этиш тўғрисида битим имзолаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистон Республикасининг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шерзод Асадов ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан унинг бош директори Абдулхамид Алҳалифа имзолади.
Ушбу маблағ Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги 22 та аҳоли пунктида ва Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун сарфланади.
Лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади, бунинг натижасида Наманган вилоятининг 200 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Биз Twitterда