Хайрулло Бозоров ёшлар билан учрашди: 2020 йилда ёшлар учун 36 мингдан зиёд янги доимий иш ўринлари яратилади

6 январь куни Норин туманида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоятимиз ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Видеоконференция тарзида барча туманлар ва шаҳар ёшлари ҳам иштирок этган учрашувда Муҳтарам Президентимизнинг 27 декабрь куни Тошкентда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувларида берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда 2020 йилда Наманган вилоятида ёшлар масаласида қилинадиган ишлар юзасидан сўз борди. 
 
 
Вилоят ҳокими ёшларга мурожаатида Давлатимиз раҳбарининг “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади” деган сўзлари жорий йилда ёшларнинг жамиятимизда тутган ўрни ва ролининг янада ортишини белгилаб берувчи асос бўлишини таъкидлади.
“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни ҳамда ҳар бирингиз ўз тенгдошларингизга етказишингизни истардимки, эндиликда ёшлар масаласи, Сиз ёшларнинг муаммоларингизни ҳал этиш, ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаш ҳар бир ҳокимнинг, ҳар бир сектор раҳбарининг, ҳар бир ташкилот ва идора раҳбарининг устувор вазифаси ҳисобланади. Ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талаби доимий диққат-эътибор марказида бўлади” деди вилоят ҳокими.
2020 йилда Наманган вилояти бўйича 36 мингдан зиёд янги доимий иш ўринлари яратилади.
Жорий йилда вилоят қишлоқ ва шаҳар жойларида 1368 та уй-жой қуриб фойдаланишга топширилади. Шундан 80 таси вилоят ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун ажратилади. Шунингдек, бундай уйларнинг 300 таси хорижда меҳнат қилаётган наманганликлар учун барпо этилади.
Таълим соҳасида ҳам ёшлар учун 2020 йилда ҳам вилоятда катта ишлар режалаштирилган. Жумладан, халқ таълими соҳасида бу йил “Замонавий мактаб” дастури асосида 2106 ўринли 6 та янги мактаб қурилади, 4750 ўринли 11 та мактабни реконструкция ҳамда 660 ўринли 9 та мактабни мукаммал таъмирлаш ишларини ташкил этилади. Бу мақсадлар учун қарийб 85 миллиард сўм маблағ сарф этилади. Шунингдек, вилоятимиздаги мактабларда 103 та янги компьютер синфлари ташкил этилади.
Вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида ёшлар учун янги йўналишлар очилади. Хусусан, Наманган давлат университетида 5 та, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида 15 та, Наманган муҳандислик-технология институтида 6 бакалаврлик ва 4 Магистратура йўналишлари очилади. Эътиборлиларидан бири, илк бор Наманган давлат университетида корейс тили йўналишида ҳам олий таълим олиш имконияти пайдо бўлади.
Бу йил ҳам ёшлар учун спорт инфратузилмаларини яхшилаш, спорт жиҳозлари билан таъминлаш учун катта маблағлар йўналтирилади. Барча умумтаълим мактаблари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги спорт инвентарлари билан тўла таъминланади.
Маданият ва саънат соҳаси ҳам ҳам эътибор марказида бўлади. 685 та умумтаълим мактабларида янги 1370 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 16 минг 440 нафар ёшлар жалб этилади. Ушбу тўгаракларни уч турдаги мусиқа чолғу асбоблари – доира, рубоб ва скрипкалар билан таъминлаш учун жами 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланди. Яқин кунлар ичида чолғу асбоблари мактабларга етказилади.
Ёш оилалар ўртасида ажралишлар ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик кўрсаткичлари, ёш ўртасида учраб тураётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтган вилоят раҳбари, бу ташвишли масалаларга ечим топиш бўйича ўз фикрларини билдирди ҳамда тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
“Муҳтарам Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар кўлами ҳам бу йилдан янада кенгайтирилади” деди Хайрулло Бозоров.
Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш масаласи юқори сифатли интернет билан боғлиқ эканини ҳисобга олган ҳолда, Наманган шаҳрида, туман марказларида аҳоли гавжуд бўладиган ҳудудларда бепул Wi-Fi зоналари ташкил этилади. Шунингдек, барча ташкилот ва идоралар биноларида ҳам бепул Wi-Fi тармоқлари ишга туширилади. Шунингдек, вилоят ёшлари ўртасида киберспорт бўйича вилоят очиқ чемпионати ташкил этиш режа қилинган.
 “Наманган вилояти ёшларини ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида кўплаб янги ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлашга қарор қилдик” деб қайд этган вилоят ҳокими, 2020 йилдан бошлаб вилоятда ҳаётга тадбиқ этиладиган ёшлар масалаларига оид янги дастурни эълон қилди.
Учрашув чоғида ёшлар вакилларининг таклиф-мулоҳазаларига ҳам кенг ўрин берилди. Мавжуд муаммоларни ўртага ташлаган ёшларнинг, улар юзасидан ўз асосланган ечимларини ҳам таклиф қилишгани эътиборни тортди.
Бу йил оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида Наманган тажрибаси сифатида Республикада биринчи бор Олимпиада спорт турларини қамраган “Маҳаллиада-2020” спорт ўйинларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Биз Twitterда