Бир килоси $4000гача бўлган Заъфарон нима?

Article
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишди. Лойиҳага кўра мамлакатимизнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларнинг энг яхши намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 
Заъфарон – Гулсафсардошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, у шамолдан пана, жануб томонга бироз қия бўлган, қуруқ тупроқларда ўсади. Уни экиш муддати ўсимлик тиним даврига ўтган вақтда, яъни июль-август ойларига тўғри келади. Заъфарон туганак пиёзлари 10 сантиметр узоқликда, 15 сантиметр чуқурликда, 60 сантиметр кенгликда экилади.  Одатда ёввойи ҳолда учрамайди, ватани – Кичик Осиё ва Болқон ярим ороли. Ўзбекистонда ҳам заъфаронларнинг айрим турлари Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги адир ва тоғларда табиий ҳолда ўсади. Ўсимлик февраль-июль ойларида гуллаб, апрель-августда мева тугади. Заъфароннинг гул устунчаларида 50 фоиздан ортиқ бўёвчи модда – кроцин ёки полихроит, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойлари бор.
Заъфарондан олинадиган доривор хом-ашё – қизил рангли гул устунчаси октябрь-ноябрь ойларида терилади ва заъфарон тайёрлаш пунктларига юборилади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм доривор ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. Қора бозорда энг қиммат заъфароннинг бир килоси 4000 долларгача сотилади.
Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади. 
Зираворнинг номи арабча «сариқ» сўзидан олинганини инобатга оладиган бўлсак, заъфарон дастлаб бўёқ сифатида қадрланганини тушуниш қийин эмас. Гарчи ҳозирги кунда заъфарон ўзининг олдинги аҳамиятини йўқотиб, ундан фақат пазандачиликда фойдаланилаётган бўлса-да, у олтиндай қадрланади.
Заъфароннинг гул устунчаси озиқ маҳсулот сифатида тайёрланади. Бунинг учун заъфарон гулининг оналик устунчаси авайлаб қирқиб олиниб, тезда қуритилади. 1 кг қуруқ заъфарон олиш учун тахминан 2000 та гул керак. Шу боис бўлса керак, ҳар йили бутун дунё бўйича бор-йўғи 300 тонна заъфарон етиштирилади. Кўриб турганингиздек, мазкур усул жуда машаққатли бўлгани учун заъфарон Ўрта асрлардан буён баҳоси тушмаган ягона зиравор ҳисобланади.
Гарчи заъфарон бўёғидан неолит даври қоя тасвирларида фойдаланишган бўлсада, одамзод у билан танишганига 4000 йилдан ошди. Таомда илк бор Месопотамияда фойдаланишган бўлса, энг биринчи ёзма қайдлар Шумер цивилизациясига бориб тақалади. Форслар милоддан аввалги ўнинчи асрда заъфарон толасини газламаларга қўшиб тўқишган, ундан атир ва хушбўй мойлар ишлаб чиқаришган. Александр Македонский қўшини заъфарондан яраларни тузатишда фойдаланган. Қадимги Хитой манбаларида заъфарон дори сифатида тилга олинади. Заъфарон Шарқда будда роҳиблари кийимининг рангига айланган бўлса, Европада бойлик ва жамиятда юқори мавқеъ нишонаси ҳисобланган.
Заъфарондан кўз томизғичлари, турли-туман дорилар, қувватбахш дамламалар тайёрланади. Умуман, халқ табобатида заъфарон юздан ортиқ касалликларни даволашда ишлатилади. Жумладан:
• онкологик касалликларнинг олдини олади (ўсмага қарши таъсир кўрсатади ва саратон ҳужайралари ўсишига тўсқинлик қилади);
• қонни тозалайди (қонни тозалаб, янгилайди. Бундан чиқди, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаб, организмнинг барча ҳужайраларини озиқлантиради);
• мия фаолиятини яхшилайди (иссиқ сут билан ичилган заъфарон бош мия тўқималарининг ўсишига ёрдам беради, хотирани кучайтиради);
• бош оғриғи ва уйқусизликни қолдиради;
• ошқозон-ичак функциясини тартибга солади;
• ортиқча сафродан халос этади;
• буйрак ва ўт пуфагини тозалайди (асал қўшилган заъфарон буйрак ва ўт пуфагидаги тошларни парчалайди);
• антиоксидант хусусиятга эга (қувват алмашинувини яхшилайди, зарарли моддалар нобуд қилади);
• тетиклантирувчи таъсир кўрсатади;
• кўриш қобилиятини тиклайди, кўз тўр пардасини даволайди;
• жинсий қувватни яхшилайди;
• ҳайз давридаги оғриқни енгиллаштиради;
• куйган яра ва шишларни даволайди;
• ел ҳайдовчи ва спазмни қолдирувчи хусусиятга эга;
• бутун организмни ёшартиради;
• организмдаги нурланиш даражасини пасайтиради.
Заъфарондан ортиқча фойдаланиш асабийлашиш, сезги аъзоларининг зўриқишини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, заъфарондан таомга кўп қўшиб юборсангиз, таъмини бузиш билан бирга, заҳарланишга ҳам олиб келади. Шунинг учун кучли таъсир қилувчи бундай восита ҳомиладор аёлларга қатъиян тақиқланади. Унутманг: заъфароннинг 5 граммдан ортиғи заҳарли таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизда ушбу ўсимликни кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника боғи олимлари томонидан олиб борилди. Тадқиқотлар кўрсатишича, заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд. 
Жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ ва Китоб туманларида 4 гектардан, Шаҳрисабз туманида 3 гектар майдонда заъфарон плантацияларини барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу ўсимликни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш, фармацевтика саноати эҳтиёжини таъминлаш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради. 
©vodiymedia

Биз Twitterда