Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловлар: Фармон моҳияти тарғибот қилинмоқда

 
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳани янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинаётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада муҳим омил бўлмоқда.  Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси томонидан жойларда Президентимизнинг жорий йил 22 ноябрдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида тарғибот-тадбирлари ташкил этилмоқда. Ана шундай давра суҳбати Янгиқўрғон туман ҳокимлигида бўлиб ўтди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари, тадбиркорлар таклиф этилдилар.
Тадбирда Мажбурий ижро бюроси Янгиқўрғон туман бўлими бошлиғи Асқаржон Маматхонов ва бошқалар “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши маиший чиқиндилар билан боғлиқ тизимни янада ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, аҳолининг сифатли санитар тозалаш хизматлари билан таъминлаш сифатини оширишда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
 Хусусан, фармонга асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, маиший чиқиндилар учун мажбурий тўловлар энди аҳоли томонидан ҳар ойнинг 10-санасидан кечикмай тўланиши, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса тўловларни бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлаш кўрсатиб ўтилгани ҳақида тушунчалар берилди.
Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олдилар. Бюро органлари томонидан тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Соҳибжон Рапиқов,
МИБ Наманган вилоят бошқармаси катта инспектори  

Биз Twitterда