Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Президентнинг “Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий устувор вазифалари этиб белгиланади:
қишлоқ хўжалигида ресурс тежайдиган инновацион ва илғор агротехнологияларни қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимлар ва кўникмаларга эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
стартап-лойиҳаларни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш;
илғор ва илмий ҳажмдор технологияларни жорий этиш учун технопарклар ва илмий ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш;
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларни кенг жорий этиш учун амалдаги таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини такомиллаштириш;
илғор халқаро таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурлари асосида соҳа бўйича инновацион ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, илғор хорижий тажриба, юқори унумли ва ресурс тежайдиган илғор агротехнологиялар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини яратиш;
илғор хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш;
илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар ҳамкорлигида долзарб муаммолар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион ва замонавий агротехнологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлигини ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида “Кичик инновацион корхоналар” тизимини кенгайтириш;
кафедралар ихтисослиги бўйича талабалар ва ёш олимларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек “Ёш олимлар клуби” (Young Scholars Club)ни ташкил этиш ҳамда кейинчалик энг иқтидорли ёш олимларни хорижий давлатларга ўқишга ва стажировкага юбориш;
ўқув ва бошқарув жараёнини ташкил ва назорат қилишда ахборот технологиялари имкониятлари (E-Minbar электрон платформаси, кейс-стади, коучинг, вебинар технологиялар ва ҳ.к.)дан фойдаланиш даражасини ошириш, масофавий ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш орқали талабаларнинг мустақил таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳаси ва унинг тармоқларини ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларни ҳамда замонавий техника ва агротехнологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;
хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;
қишлоқ хўжалиги соҳаси ва унинг тармоқлари учун олий ва ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашнинг интеграциялашган тизимини яратиш, бириктирилган академик лицейлар ва профессионал таълим муассасаларининг таълим дастурлари узлуксизлигини ва узвийлигини таъминлаш;
истиқболли ёш битирувчиларни республика ва хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий муассасаларига магистратура, докторантура ва стажировкага мунтазам юбориш орқали аграр таълим соҳаси олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
Институтда бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш. Бунда таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгилаш;
хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари аграр соҳа олий таълим муассасалари томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқлаш таклифлари маъқулланади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бир ой муддатда:
соҳа учун мақсадли равишда юқори малакали бошқарув кадрлари ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, аграр таълим тизимининг магистратура босқичини сўнгги йилларда ишлаб чиқариш, фан ва таълим тармоқларида ўсиб бораётган реал эҳтиёжлар асосида самарали ташкил қилиш мақсадида мос магистратуранинг бир ва икки йиллик таълим тизимини тажриба тариқасида жорий этиш;
бунда келгусида фаолиятини ишлаб чиқаришнинг бошқарув тизимида давом эттириш истагида бўлган мутахассислар учун тўлов-контракт асосида ўқиш муддатини бир йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш салоҳиятига эга иқтидорли ёшлар учун грант асосида 2 йил этиб белгилаш;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳаларидаги олий малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш ҳамда ўқув режаларига киритилган фанларни ва ўқув дастурларини мақбуллаштириш мақсадида сиртқи таълим шаклида ўқиш муддатини 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналиши талабалари тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
бунда, аграр соҳада 5 йиллик амалий иш стажига эга бўлган ходимларга сиртқи таълим шаклида ўқиш учун тавсияномалар бериш ваколатига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари рўйхатини ҳамда қабул квоталарини кенгайтириш юзасидан тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида:
тажриба-синов тариқасида бакалавриат таълим йўналишлари сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш;
хорижий фуқароларнинг мамлакатимиз аграр таълим муассасаларида ўқишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида белгиланган тўлов-контракт миқдорини истисно тариқасида икки баробарга камайтириш;
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги профессионал таълим муассасаларини юқори малакали, замонавий ахборот-коммуникацион ва педагогик технологияларни эгаллаган педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида Касбий таълим (йўналишлар бўйича) бакалавриат йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг қўллаш мақсадида учувчисиз учар аппаратлар (дронлар)ни илмий-тадқиқот ишларида қўллашга рухсат бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Биз Twitterда