Андижонда қурилаётган биноларда ёнғинга қарши қурилмалар етарлими?

 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги манзилли Дастури тўғрисида”ги қарори асосида Андижон вилояти ҳудудида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва касб ҳунар таълим масканлари, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси объектлари, спорт иншоотлари ва бошқа шунга ўхшаш 363 та объектларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари даврида ёнғинга қарши талабларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, лойиҳа ҳужжатларига шаҳарсозлик ва қурилиш меъёр қоидаларида белгиланган тадбирларни киритилиши ҳамда давлат экспертизасидан ўтказилиши масканларнинг фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида ва профилактик кўриклар давомида ўрганилиб, керакли тавсиялар бериб келинмоқда.
 
 
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги Марҳамат, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида реконструкция қилинаётган тиббиёт бирлашмалари, вилоят перенитал маркази, Андижон шаҳар 5-сон оилавий поликлиникаси, вилоят психоневрология диспансери ва бошқа объектлар ўрганиб чиқилди. Унга кўра, “Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги” шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида лойиҳа ҳужжатларида қутқарув йўллари ва чиқиш эшиклари “ЧИҚИШ” ёзувли ёритгичли электр таблолар билан таъминланиши, эшикларнинг бинодан чиқиш йўналишида ўрнатилиши, ички ва ташқи қутқарув нарвонлари ҳамда ҳудудга бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган ёнғинга қарши жавонлар ташкил этилиши таъминланмоқда.
Бундан ташқари “Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси”, “Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар” қурилиш меъёр қоидалари талабларига мувофиқ фавқулодда ҳолатларда қўл ёрдамида хабарлаш қурилмалари ўрнатилиши, сигналларни қабул қилиш пульти, ер ости гидрант ёки сув ҳовузи, ёнғин ўчириш насос станцияси кўзда тутилиши каби тадбирларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва капитал таъмирланаётган бинолар асрлар давомида халқимизга муносиб хизмат қилишини таъминлашдан иборат.
Улуғбек Қосимов,
Андижон ИИБ ЁХБ МТГ катта муҳандиси, майор

Биз Twitterда