Алимент тўламай юриш қамоқ билан якун топди

 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Косонсой туман бўлими ва туман маъмурий суди томонидан сайёр судлар ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Косонсой туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўтказилган сайёр судда алимент тўлашдан бош тортаётган уч нафар фуқаронинг иши кўриб чиқилди, деб хабар беради Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси.
Кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган сайёр судда дастлаб миллий қонунчилигимизда алимент тўлаш мажбуриятлари, унинг қонунан мустаҳкамлаб қўйилгани, аммо айрим оталар бунга амал қилмай келаётгани тушунтириб ўтилди.
Хусусан, фуқаро Қ.С. турмуш ўртоғи билан ажрашиб, бир нафар фарзандини боқувчисиз қолдиради. Боз устига бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай фарзандининг моддий таъминоти учун лозим бўлган алиментни йиллар давомида тўлашдан бўйин товлаб келади. Натижада, тўланмай келган салкам 13 миллион сўм қарзи учун у тегишли тартибда ўн беш сутка қамоқ жазосига тортилди.
Ёки фуқаро О.Ш. ҳам икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун қонуний бурчини бажармаслиги оқибатида қарздорлик 5 млн. 380 минг сўмни ташкил этган. Унга нисбатан ҳам суд ўн беш суткалик қамоқ жазосини тайинлади.

Биз Twitterда