Асабийлашманг, касал бўласиз!

Article
Ҳаёт ҳар доим бир текисда давом этавермайди. Кунимизнинг барорли бўлишига кайфиятимизнинг кўтаринки бўлиши, албатта ёрдам беради. Ёмон кайфиятда бўлгандан кейин, инсоннинг кўзига дунё қоронғи кўринади, у ичидаги ушбу оловни сўндириш ўрнига, ўзи билмаган ҳолда ғазабини бошқаларга сочади, бировларнинг дилини оғритади.
Асаблари таранг кишилар, нафақат жаҳлдор, балки бетоб бўлиб қолишади, қон босими юқори кўтарилади. Бундай кишиларнинг ички аъзолари фаолиятида ҳам ўзгаришлар рўй беради, овқат ҳазм бўлмаслиги, ич қотиши кузатилади.
Бундай вазиятга тушган кишиларга нисбатан: «У асабийлашди» – дея айтилади. «Асабийлик» – дейилганида «стресс» тушунчаси англашилади. Бундай кишиларнинг салга кайфияти бузилаверади, бўлар-бўлмасга қизишиб, тутақиб кетадилар, зардаси тез, жиззаки бўладилар. Салбий таъсирга тез берилувчан, жаҳлдор, тез чарчайдиган бўлиб қоладилар.
Бундай ҳолат неврастения касаллигининг аломатидир. Унга чалинган одамнинг асаби тез-тез бузилади, аччиқланади, зўриқиш, қаттиқ чарчаш, тунлари кам ухлаш, йиғлоқилиқ, бесаранжомлик ҳолатлари кузатилади. Уйқу қонмай, ишга нисбатан ихлос пасаяди, тез-тез совуқ қотиш пайдо бўлади.
Руҳий зўриқиш бугунги кунда оламдаги энг олдинги қатордаги касалликлардан бири.
Атрофга назар солсангиз, шўх ёки ғамгин, тетик ёки сиқилган кишиларни учратамиз. Депрессия ҳолати кишининг иш ва ҳаёт мароми бузилган пайтдан бошланади. У кундалик ишларини қилолмай қолса, атрофидагилар билан рисоладагидек киришиб кетолмаса, у сиқилиш касалига мубтало бўлади. Шунингдек, одам шошилганида жаҳлдор, асабийга айланади. Асаблар шошилганда кучли таъсирланади, юқори қон босими кузатилади. Шошилганда ақл ишлашга қийналади. Бирор нарсани қўйган жойингизни эслолмай қоласиз.
Инсоннинг ҳис-туйғуларга бой ҳаётида яхши-ёмон кунлари доимо ёнма-ён юради. Бошига оғир ғам-ташвиш тушган киши тушкунликка берилади. Бадбин бўлиб қолади. Ҳаётда ёруғ дунёдан, кишилардан кўнгли совийди, сиқилиш ҳолати содир бўлади. Шунда асаб таранглашиб, тажанг аҳволга тушади. Сиқилиш, тажанглик, бўғилиш, тушкунлик, дардини ичига ютиш хафақонлик ҳолатида намоён бўлади.
Хафақонлик ва бахтсизлик ҳаётнинг бир парчаси. Аммо одам доимо қувноқ ва бахтли бўлавермайди, ҳамиша бахтсиз ҳам бўлолмайди.
Одамни чўктириб, қаддини букиб қўядиган ушбу туйғулар, агарда ўлим, муваффақиятсизлик, можаро сабабли юз берган бўлса, у табиий ҳолат, дея ҳисобланади. Мотам пайтида ҳам ғам-қайғу чиқмаслиги мумкин эмас.
Ёмон иш шароити, иш жараёнидаги одамлар билан муомала, адолатсизлик устуворлиги ҳам стрессни вужудга келтиради. Кўп юмуш, ишсизлик, иш кўпайиб безовталаниш, қизиқмаган иш билан банд бўлиш ҳам стресс юзага келишига сабабчи бўлади. Иш қизиқарли бўлса, ходим шунча кам асабийлашади.
Инсон туғилганидан, то ўлгунига қадар стресс қучоғида яшайди. Сизни буюк кашфиётларга йўналтирадиган омил ҳам, тўшакка михлаб ташлайдиган омил ҳам стрессдир. Ҳаёт бор жойда стресс бор. Инсоннинг барча оддий ва мураккаб ҳаракатлари, хато ва ютуқлари стрессдир.
Стресс – битта, ундан ривожланадиган касалликлар эса – мингта. Шундай экан, барчасидан асабларни асранг. Соғлом бўлиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Аммо танида жони бор одам у ёки бу даражадаги стресс ҳолатига тушади.
Одам руҳий зўриқишга учраганида ошқозон-ичак касалликлари: ич ўтиши ёки қотиши, кўнгил айниши, кекириш, иштаҳа бузилиши каби ҳолатлар учрайди. Руҳий зўриқиш юрак уришини тезлаштиради. Уйқунинг бузилиши, дастлабки руҳий зўриқиш белгиси. Тун ярмида уйғониб, қайта ухлолмайди. Эрталаб уйқуси қонмай, чарчаб туради, эрталабки нонуштага иштаҳаси бўлмайди.
– Руҳий тушкунлик, кучли асабийлашиш оқибатида баданда аллергияга бўртмалар ҳосил бўлади. Асосан тирсакда, тизза бўғинининг юқори қисми, орқа марказида.
– Узоқ муддатли стресс (руҳий зўриқиш) одамни кўплаб ҳис-ҳаяжон чўлғаганида ва бундай вазиятларда у ўзидаги негатив ҳиссиётларни жиловлай олмаганида содир бўлади. Бу ҳолатда асаб тизими руҳий жиҳатдан кучли зўриқиш натижасида бўшашиб қолиши кузатилади, эҳтиёт бўлмасак, ҳар қадамимизда омадсизлик, тўқнашувлар, мураккаб ҳаётий вазиятлар бизга қўрқув солиши мумкин.
Одам ўз ҳаётида турли сабаблар билан учрайдиган стресс ҳолатларини ҳар доим четлаб ўтолмайди. Стресс кишилар ҳаётида, уларнинг ўзини тутиши, меҳнатга лаёқати, атроф-муҳит билан ўзаро муносабати, энг муҳими, соғлигига салбий таъсир кўрсатади.
* Стрессга дучор бўлмаслик учун сабр-қаноатли бўлиш, меҳнатни дам олиш билан уйғун олиб бориш, бироз ором олиш, тинчланиш керак;
* Ишда хушфеъл, тавозели бўлиш ўзаро ҳурматли, хушмуомала инсон бўлиш керак;
* Ҳар доим кўтаринки кайфиятда бўлишга ҳаракат қилинг. Кўтаринки кайфият касалликларни йўлатмайди.
* Кулишни, хохолаб кулишни одат қилинг. Кулги одамнинг психологик вазияти енгиллашишига имкон беради.
* Одам ўзида борига рози бўлса, белгили ютуққа эришганига, ўзининг тирик юрганига шукур қилса, танқидий фикрларга розилик билан қарайдиган бўлса, иммунитетини орттириб, қон қисмини пасайтиради.
* Кўнгилсизликларни юрагингизда асраманг. Қандай бўлса ҳам, ташқарига чиқаришга ҳаракат қилинг. Шу йўл билан руҳий ҳолат саломатлигини тиклаб олиш мумкин. Руҳий зўриқишдан қутулишнинг ўзингизга маъқул йўлини топиб, ўзлаштириб олинг.
* Қийинчиликка учраган пайтда сабрли бўлинг.
* Кутишни ўрганинг. Тақдирга қарши чиқманг.
* Кўнгилсизлик сабабини топинг.
* Бошқаларнинг касалликлари билан яшаманг.
* Руҳий-асабий тарангликнинг энг яхши давоси ташвишларни унутишдир.
* Муаммоларга қўл силтаб, уларни эсдан чиқариб, кўнгилга хуш ёқадиган бирор ишга интилиш – умидбахш ва шифобахш усул.
* Ички ҳиссиётларни юзага чиқаринг, ғам-аламларингизни тўкиб солинг. Бундай пайтда йиғи-сиғи ҳам фойдали бўлиб, тананинг тозаланишига, кўнгилдаги чигилларнинг ёзилишига ёрдам беради. Айни шу пайтда ичингиздаги салбий ҳиссиёт, ачиниш ҳислари кўз ёшлари билан чиқиб кетади.
* Сизга, умуман боғлиқ бўлмаган нарсалардан сиқилманг.
* Фақат яхши хотираларни ёдга олинг.
* Баридан мамнун бўлиб қувонинг, салбий фикрдан қочинг.
* Хар бир воқеадан яхшилик изланг.
* Овқатларнинг аҳамияти катта.
* Феъл-атворнинг ҳам соғликка таъсири бор. Юраги тозалардан касал қочади.
* Яхши мусиқа бемор руҳига энг зарур озуқа, яхши малҳам бўла олади. Шўх-шодон, кўнгилга яқин тароналарни тинглаганингиз маъқул.
* Сиз ўзингизни шоширманг. Тўхтанг, чуқур нафас олинг. Сизга ўзи нима кераклигини англаб, шунга яраша хотиржам саъй-ҳаракат қилсангиз улгурасиз, уддалайсиз.
* Жисмоний машқлар асабийлик ҳолатини тартибга келтиради.
* Содир бўлган воқеаларга ақл билан ёндашилади, маслаҳатли ишни яхши амалга ошириш мумкин бўлади.
* Қийинчилик содир бўлганида унинг сабабини аниқланг, шунга қараб, режа тузинг. Шундагина ундан қутулиш чораси топилади.
* Руҳий зўриқиш ҳолати пайтида сайр қилиш, яхши танишлар билан суҳбатлашиб, фикрни бошқа томонга буриш фойдали.
* Руҳда қўрқиш, рашк балоси, хафа бўлиш, қаҳр-ғазаб, аламли ҳодиса юз берганида сирдошингиздан фикр сўранг. Воқеани бошидан шарҳлаб беринг. Касалликларнинг олдини олишга, уларни даволашга эътиборли бўлинг.
* Киви асаб касалликларини даволашда фойдали. Киви меваси таркибидаги «С» витамини, магний одам асабини тинчлантиради.
* Кўк, ҳаворанг, бинафша рангли маҳсулотлар асаб тизимини ва мияни озиқлантиради, инсон руҳига ижобий таъсир этади. Шунинг учун, стрессга тушганда шу рангдаги егуликларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
* Сариқ ранг салбий туйғулардан озод этиб, ўз кучига ишонишга туртки беради, фикрни жамлашга ёрдам беради, овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради, шлакларни ҳайдайди.
* Фойдали моддалари кўп таомлардан истеъмол қилиш керак, карам, лимон, пиёз, қалампир, анжир, нок, олма – ушбу егуликлар асабларни мустаҳкамлайди ва кишини тинчлантиради, нерв бардамлигини таъминлайди, кайфиятларни кўтаради. Мияга ўрнашган салбий ҳисларни тарқатиб юборади. Киши кайфияти юқори бўлади.
Мен кимман? Ушбу саволни ўзингизга тез-тез бериб туринг. Жаҳлингиз чиққанида, бирон нарсадан кўнглингиз тўлмаганида бундай сўзлар юракка малҳам бўлади. Ғурурингизни тиклаб, қалбингиз покланади. Касаллик сиздан йироқ бўлади.
Ҳамиша соғлом, кайфиятингиз кўтаринки бўлсин!
Каримжон ЮСВАЛИЕВ

Биз Twitterда