2020 йилда Наманганда мигрантларга 300 та хонадон ажратилади

Наманган вилоятида 2020 йилда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан 300 та хонадон ажратиш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарига кўра, бу президентнинг 2019 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги фармонига асосан амалга оширилади.
 
 
regulation.gov.uz платформасида эълон қилинган «Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш ҳамда ипотека кредитлари олиш ҳуқуқига эга талабгорларни саралаб олиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасига кўра ушбу хонадонлар учун ипотека кредити олиш истагида бўлганлар «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Бу дастур 1 октябрга қадар жорий этилади.
 
Лойиҳага асосан, уй-жойга талабгор мигрантларни танлаб олиш қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида амалга оширилади:
 
а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар-жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;
б) бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;
в) кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);
г) ариза берувчи оиласининг даромади;
д) ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор оила аъзолар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида);
е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
ж) ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;
з) ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётганлар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).
 
Ариза берувчиларнинг уй-жойга муҳтожлиги даражаси тегишли комиссия томонидан қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади ва ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган талабгорларга берилади.
 
Ёзма тавсия бериш рад этилган тақдирда, комиссия рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма хабарнома юборади. Шунингдек, ариза берувчига рад этилишининг сабабларини бартараф этиш учун муҳлат берилади, бу муҳлат 5 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
 
Ариза қуйидаги ҳолларда рад этилади:
 
а) топширилган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги;
б) ҳужжатлар кечикиб топширилиши;
в) тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
г) ариза берувчининг юқорида кўрсатилган ижтимоий мезонларга мувофиқлиги ўрганилганида унда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги аниқланганида.
 
Ипотека кредитлари бўйича имтиёзли давр – 1 йил этиб белгиланиши таклиф қилинган.
 
Бунда ипотека кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
 
Кредит фоизларини ҳисоблаш аннуитет формуласи бўйича амалга оширилади (яъни ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади).
 
Квартира учун бошланғич тўлов миқдори –
 
а) қишлоқларда тўрт қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлардаги хонадонлар учун — 10 фоиз миқдорида;
 
б) шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлардаги хонадонлар учун – ўртача 15 фоиз миқдорида белгиланиши кутиляпти.
 

Биз Twitterда