Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
 
 
Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилган.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Отабек Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.
«Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди. Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди.
Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.
Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, Ихтиёр Абдуллаевга 19 йил, Жаҳонгир Эгамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг январидан Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 2019 йил ёзида лавозимидан озод этилиб, сентябрь ойида қамоққа олинганди.

Биз Twitterда