Қонунлар устувор бўлган жойда давлат ҳам кучли бўлишини тарихнинг ўзи исботлаб келади

Бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги айёми Наманганда ҳам кенг нишонланди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Тўрақўрғондаги Маданият Саройида бўлиб ўтган байрам тантанаси барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
 
 
Тадбирни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кириш сўзи билан очди. Вилоят раҳбари ўз сўзида Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, Конституция билан белгилаб берилган ҳуқуқларимизнинг тўла таъминланишини мақсад қилганлигини алоҳида таъкидлади.
 
 
Бугун том маънода амалда ўз аксини топган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойили, жамиятда тобора кенгайиб бораётган сўз ва фикр эркинлиги, оммавий ахборот воситалари амалда тўртинчи ҳокимият даражасига чиқаётгани, судларнинг ижро ҳокимиятларидан мустақил ҳолда иш юритаётгани, хусусий мулк дахлсизлиги каби воқеъликлар сўнгги уч йилда амалда ўз аксини топгани ифода этилди.
 
 
“Яхши маълумки, жамият барқарорлигини сақлаш ҳамда тараққиётга эришишнинг ягона омили бу – конституцион ҳуқуқларнинг тўла таъминланишидадир. Адолат бор жойда, қонунлар устувор бўлган ерда давлат ҳам кучли бўлишини тарихнинг ўзи исботлаб келади”, деб қайд этди Хайрулло Бозоров.
 
 
Тадбирда шунингдек, декабрнинг иккинчи якшанбасида тантаналар билан нишонлананаётган бошқа бир байрамимиз – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан 68 нафарига “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Наъмунали томорқачи” ҳамда “Меҳнаткаш деҳқон” кўкрак нишонлари топширилди.
 
 
Эстрада ва опера хонандалари, ҳамда ёш ижрочиларнинг миллий ва классик куй-қўшиқлари, қардош халқлар рақслари тадбирга ўзгача чирой қўшди.
 
 
 
 

Биз Twitterда