Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ислом билим юртида ёшлар билан учрашди

Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус Ислом билим юртида вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Жамолиддин Алойдиновнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Учрашув аввалида талабалар томонидан тайёрланган хаттотлик санъати намуналари ва китоблар кўргазмаси билан танишилди. 
Ёшлар билан учрашувда диний соҳада юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, бу соҳа мутахассисларини ҳар томонлама етук бўлиб етишишлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз борди. 
 
 
Учрашув жуда қизғин мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. Билим даргоҳининг учинчи курс талабаси Назрулло Акрамжонов ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёслигини таъкидлаб, зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратишини айтиб ўтди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мактаб ва коллежларда таҳсил олаётган ёшлар ўртасида тенгдошга-тенгдош тамойили асосида ўзаро суҳбатларни ташкил этиш таклифини ўртага ташлади. Бу таклиф маъқулланиб, учрашувлар режаси ишлаб чиқиладиган бўлди. 
Абдуваҳоб Абдурашидов эса ёшлар тарбиясида, билим олишида китобхонликнинг ўрни ҳақида сўз олиб, нафақат вилоят марказида, балки туман марказларида ҳам “book-cafe”лар очилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди. 
 
 
Билим юрти талабаларининг оммавий ахборот воситалари билан олиб бораётган ҳамкорликлари самарасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ижодкор талабалар вилоят телевидениеси орқали турли долзарб мавзуларда давра суҳбатларида иштирок этиб келадилар. Оятулло Сафаралиев ҳам телевидениенинг тарбиядаги аҳамиятига тўхталиб ўтиб, вилоят телевидениесида махсус кўрсатув ташкил этиш масаласида ёрдам сўради. 
Ҳоким ўринбосари Жамолиддин Алойдинов бу таклифни қўллаб-қувватлаб, телелойиҳа ҳар томонлама пишиқ ва пухта, мазмунли бўлиши лозимлигини, ундаги мавзулар ранг баранглигига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб, бу борада ўзининг маслаҳатларини берди.
 
 
Бундай учрашувлар доимий ўтказиб борилишига, талабалар ўз таклиф ва мулоҳазаларини доимий равишда вилоят ҳокимлигига юбориб туришларига келишиб олинди.
Ушбу билим даргоҳи юртимизда ўзига ҳос мавқега эга бўлиб, бу ердан 172 нафар талаба Қуръони карим тажвиди, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, араб тили грамматикаси, ислом тарихи, муҳовара каби мутахассислик фанлари, шунингдек, она тили, физика, математика, информатика, инглиз ва рус тиллари, кимё, биология, маънавият асослари сингари умумтаълим фанларидан етук мутахассис бўлган 28 нафар мударрис–ўқитувчилардан таълим олишмоқда.
Бу эътиборнинг натижаси ўлароқ билим юрти талабалари хориж давлатларида ўтказилган Қуръон мусобақаларида ҳам ўз билим ва малакаларини муваффақиятли намойиш этиб келишмоқда. Жумладан, Миср, Саудия Арабистони ва Қувайт давлатларидаги танловларда улар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. 
 
 
Ўтган йили билим юрти учун замонавий ўқув биноси, спорт зали ва анжуманлар зали фойдаланишга топширилди. Ўқув биносида синф хоналари замон талаблари даражасида жиҳозланди. Ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ахборот-ресурс маркази, информатика, лингофон хоналари, анжуманлар зали ўқувчилар ихтиёрига берилди. Бу яратилаётган шароитлар учун талабалар ўз ташаккурларини билдирдилар.

Биз Twitterда