Наманган – Томск ҳамкорлиги янги босқичда

Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов 12 декабрь куни Россиянинг Томск тумани раҳбари Александр Терещенко билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва маданий соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, Аюбхон Камалов меҳмонларга Наманган вилояти ҳақида батафсил маълумот берди. “Вилоятда қишлоқ хўжалиги, текстиль соҳалари жадаллик билан ривожланмоқда. Кластерларнинг ташкил этилгани, хом-ашё етиштиришдан тортиб, то тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнига бўлган циклни бир тизимга солингани тараққиётга хизмат қилмоқда. 1600 дан ортиқ текстиль соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналаримиз мавжуд. Уларнинг 10-12 таси бренд даражасига чиққан. Европа мамлакатлари, жумладан, Англия, Италия, Германияга маҳсулот экспорти йўлга қўйилган. Машинасозлик соҳасида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мева-сабзавот етиштириш, боғдорчилик бўйича тизимли ислоҳотларни амалга оширилиши туфайли юқори натижаларга эришилмоқда”, дея таъкидлади ҳоким ўринбосари.
 
 
Томск тумани раҳбари Александр Терещенко Наманган ва Томск алоқалари узоқ тарихга бориб тақалишини таъкидлади. “Сафарга чиқишимдан аввал бир ҳужжатни ўргандим. Наманган ва Томск вилоятлари раҳбарлари 1990 йилда ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашган экан. Бизда кўплаб ўзбек тадбиркорлари фаолият юритишади. Улар ўзларининг ҳалоллиги ва бир сўзлилиги туфайли раҳбарларнинг ва маҳаллий аҳолининг ҳам ишончини қозонганлар.
Томск тумани вилоят агломерациясининг маркази ҳисобланади. Чунки туманимиз қурилишлар туфайли тобора янги кўриниш олиб бормоқда. Қурилиш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
 
Бизнинг туманимиз ҳудудида йирик агрофирмалар жойлашган. Картошка етиштириш бўйича илғорлар қаторидамиз. Айнан бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин. Чунки сизларда картошкага бўлган талаб юқори. 2020 йилда картошка уруғчилиги бўйича йирик марказни ишга туширмоқдамиз.
Паррандачиликка ихтисослашган 2 та йирик заводимиз мавжуд. Шунингдек, 3 катта фермамиз сутчиликка йўналишида фаолият кўрсатади. Улар энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган. Аграр соҳадаги ҳамкорлик ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиши мумкин”, деди Александр Терещенко.
Шунингдек, учрашув чоғида ўрмон ресурслари, ёғоч маҳсулотлари етказиб бериш бўйича имкониятлар муҳокама қилинди.
Томск делегацияси вакиллари учрашувдан сўнг, вилоятдаги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектлари фаолияти билан танишдилар. Уларга истиқболдаги ҳамкорлик лойиҳалари бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Биз Twitterда