Наманган шаҳрида дарахт экиш акцияси ўтказилди

Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради. Ушбу маълумотларни бежиз келтирмадик. Бугун Наманган шаҳрида хайрли акция ўтказилди. Марказий кўчаларга ўн минглаб маназарали дарахтлар экилди. Кўча ва хиёбонларда оммавий экишда кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Бунда шаҳар иқлимига мос чидамли кўчатлар экилишига алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳардаги 22 та кўчанинг 54 километрлик ҳудудига 14 мингга яқин манзарали дарахтлар, жумладан ипак акацияси, лола дарахти, оқ қайин, дуб, мажнунтол, элдор қарағайи, япон сафураси бурама тол, каштан каби ноёб кўчатлар экилди.
 
 
Экилган кўчатларни вақтида суғорилиб, агротехника талаблари асосида парваришлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугунги шаҳар қиёфасини яшнатиб турган манзарали дарахтларни асраб-авайлашга эътибор бериш долзарб вазифалардандир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, уларни парваришлаш бўйича ҳам муҳим чоралар белгиланди.
 

Биз Twitterда