Камтарга камол. Чортоқлик фидойи матбаачи Сайдулла Ғайбуллаев ҳақида сўз

Ҳар бир ўтаётган кун тарихга айланади, шубҳасиз. Туғма талант,  ўз соҳасининг фидоийси, ажойиб серқирра матбаачи, Чортоқ туманлараро босмахонасида узоқ йил фаолият кўрсатган раҳматли Сайдулла ака Ғайбуллаевни таниган ва билганлар ширин хотираларини ёдга олишлари шубҳасиз. Боиси, Сайдулла ака кичик кўнгил, табиатан юмшоқ ва камтарин инсон эдилар. Табассуми ўзига яшариб тургувчи устознинг раҳбарлик йилларида Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларининг 10 мингдан ортиқ ададдаги газеталари ҳафта давомида сифатли чоп этиларди.
 
 
Мактабни тамомлаб, босмахонада шогирд этдим. "Печатник" Турғунбой ака кечга яқин келиб, газетани босиш керак эди. Нимадир сабаб у киши келмади. Туни билан 1,5 минг атрофидаги газетани камина босибман-у, аллақанча қоғозни исроф қилиб юборибман. Эрта ишга келган босмахона директори Сайдулла ака аҳволни кўрди-ю, ҳеч нима бўлмагандек цехни бир айланиб чиқдилар.. Ҳозир қаттиқ танбеҳ олсам керак, деган уйда у кишига юзландим. Қўл ва юзларим қора бўёқ...
-Сиз уйга бориб дам олиб, эртага ишга келаверинг, ука,-дея ўзлари (8 минг ёки 9 минг тираж ,аниқ эсимда йўқ) газетани босишга киришдилар. Мен директорман, деб ўтирмадилар. Ана шунда бу инсоннинг кенг феъллигини, шогирдларга нисбатан меҳрибонликларини илк бор кузатгандим...
Сайдулла аканинг ўз жамоасига меҳрибонлиги, атрофдагиларга хушфеъллиги борасида ҳар қана ёзсак камлик қилади. Бетакрор раҳбар, самимий дўст, чинакам матбаачи ( суратда ўртада) инсон эдилар.
Одилжон Муҳаммад,
Журналист, матбаачи,
“Наманганская Правда” газетаси бош муҳаррири
 
Таҳририятдан:  27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни олдидан соҳа фидойилари, марҳум устозларни эсга олиш мақсадида туркум мақолалар беришга қарор қилганмиз. Бизни кузатиб боринг

Биз Twitterда