Ўзбекистон ва Туркия ўзаро имтиёзли савдо тўғрисида келишув имзолайди

 
 
Ўзбекистон ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги ва Туркия божхона ва тижорат вазирлиги вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро имтиёзли (преференциал) савдо тўғрисида келишув лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон томондан музокараларда Ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда «Ўзбекэкспертиза» АЖ экспертлари иштирок этди.
Музокаралар давомида ўзаро имтиёзли савдо тўғрисида келишув матни, шунингдек унга илова қилинадиган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатлари доирасида имтиёзлар бериладиган товарлар турлари муҳокама қилинди.
Томонлар, келишув доирасида ўзаро манфаатли шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида музокараларни экспертлар даражасида давом эттиришга келишилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо муносабатлари сўнгги даврда жадал ривож топаётганини кўряпмиз. Ўтган ойда Савдо-саноат палатасининг мажлислар залида «Ўзбекистон-Туркия савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлиги ривожланиш истиқболлари» Пресс-брифинг бўлиб ўтганди.
Унда «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро ҳамдўстлик гуруҳи раиси Х.Йилдиз бошчилигида Турк Республикасининг Буюк Миллий Мажлис делегатлари ҳамда Туркия давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси Аҳмед Башар Шен иштирок этишди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга визасиз кириш борасидаги Қарори натижасида катта қулайликлар яратилди. Энди биз ҳеч қандай тўсиқларсиз зиёратгоҳларни, қадамжоларни ўзлари кўришимиз мумкин. Парламент аъзоси сифатида шуни айтишим мумкинки, иккитомонлама алоқаларни ривожлантиришга доим тайёрмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқишимиз ва келгусидаги режаларимизни белгилаб олиш устида иш олиб бормоқдамиз. Ўз номимдан ва ҳайъатимиз номидан ўзбекона меҳмондорчилик ва илиқ кутиб олганингиз учун катта ташаккур изҳор этамиз», – дейди «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро ҳамдўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз.
Шунингдек, пресс-брифингда мамлакатлараро ҳамкорликни барча соҳада ривожлантириш мавзуси ҳам муҳокама этилди. 
«Мамлакатларимиз ўртасида тарихий шартномалар имзоланмоқда, масалан 16-мартдан Истанбул-Самарқанд доимий рейслар йўлга қўйилади. Бу йўналишда самолётлар қатнови аввал ҳафтасига 2 марта ва кейинчалик 4 мартага оширилади. Шунингдек, Истанбул ва Тошкент ўртасидаги рейслар сони ҳафтасига 7 мартадан 14 мартага оширилиши режалаштирилган. Ўйлайманки, Бухоро ва Хива шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри, Қарши, Навоий, Фарғона шаҳарларига ҳам чартер рейсларини йўлга қўйиш ва лоw-cостерларни жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Айни вақтда Анқара, Измир ва бошқа шаҳарлардан Тошкент шаҳрига қатновчи рейсларни қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз.» – таъкидлагандиТуркия давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси Аҳмед Башар Шен
«Рейслар сонини ошириш орқали Ўзбекистонга келувчи нафақат туристлар сони, балки инвестор ва бизнесменлар сони ҳам ошади. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, савдо алоқаларининг ривожланишига кўмаклашади» – дея қўшимча қилди Ҳайдар Али Йилдиз.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда