Ўзбекистонда икки йилда $3,4 миллиардлик лойиҳалар амалга оширилади ва саноат маҳсулотлари импортига чек қўйилади

Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллийлаштириш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Қарор билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, келгуси икки йилда мамлакатимизда 3 миллиард 400 миллион долларлик қарийб 1 минг 150 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида саноат кооперацияси ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнларини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
2010-2016 йилларда икки мингга яқин маҳаллийлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида умумий импорт ўрнини босиш самарадорлиги 7 миллиард 500 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди.
Сўнгги уч йилда бунинг ҳисобига шахта вагонеткалари, вакуум насослар, кўтарма кранлар, ҳар хил турдаги ўтга ва кислотага чидамли материаллар, қурилиш жиҳозлари, сэндвич панеллар, сунъий синтетик газонлар, шиша банкалар, бутилкалар, крахмал, нон маҳсулотлари учун ачитқилар сингари юз турдан ортиқ товарларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши бутунлай тўхтатилган.
Маиший электротехника маҳсулотлари, автомобиль фильтр ва радиаторлари, пўлат қувурлар, керамик плиталар, тиббиёт ампулалари, полиграфик бўёқлар, болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари каби 350 дан ортиқ турдаги маҳсулотни четдан келтириш икки баравардан зиёдга камайган.
Жорий йилда 960 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6 триллион 500 миллиард сўмга яқин маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. 122 турдаги ўзлаштиришга таклиф этилган маҳсулотлар аниқланган.
Иқтисодиёт тармоқлари кесимида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳисобига импорт ҳажмини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини мазкур жараёнга фаол жалб этиш мақсадида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари имкониятлари таҳлил этилди. Натижада йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 900 миллиард сўмлик 400 дан ортиқ қўшимча лойиҳа аниқланди.

Биз Twitterда