Ўзбекистон хорижга ёғ экспортини қачон бошлайди?

Article

Бугун давлатимиз хориждан кунгабоқар ёғини импорт қилади. Ҳолбуки, заминимизда зиғир, кунжут, сафлор (махсар) каби мойли ўсимликлар яхши ўсади, бироқ улар кўп ҳолларда лалми майдонларда экилмоқда. Айрим жойларда ғалладан бўшаган майдонларда тажриба-синов учун етиштирилмоқда. Мазкур мойли экинлар ҳосилдорлиги лалми жойларда гектарига ўртача 3-4 центнердан ошмайди. Улар суғориладиган ерларда тажриба учун экилганда, гектарига ўртача 20 центнер ҳосил олиш мумкинлиги аён бўлди. Энг асосийси, мазкур мойли экинлар унча кўп сув талаб қилмайди. Агар барча агротехнология ўз вақтида қўлланилса, ҳосил бундан ҳам ошади. Бу тажриба босқичма-босқич оммалаштирилса, ёғ-мой импорти кескин қисқаради. Бу борада мойли экинлар ҳосилини ўриб олишдан то қайта ишлашгача бўлган жараённи қамраб оладиган замонавий тизим ва саноат мажмуасини барпо этишга катта зарурат бор. Чунки бугун, дейлик, махсардан олинган ҳосилнинг маълум қисми қайта ишланмоқда, бироқ қолгани чорвага озуқа бўлаётир. Ахир, бу увол-ку! - дейди Тошкент давлат аграр университети профессори Абдухалил Қайимов бу борада ЎзА мухбири билан суҳбатда.
Ёки мамлакатимизда зиғирдан асосан қўлбола жувозларда ёғ олинаётгани туфайли уни фильтрлаш ва қайта ишлаш имкони деярли йўқ, шу боис халқимиз зиғир ёғидан рўзғорда доимий фойдаланмайди. Бироқ хорижлик мутахассислар ҳам зиғир ва кунжут ҳосили юқори технологияларда қайта ишланса, олинган ёғ сифати зайтун ёғидан қолишмаслигини айтмоқда. Агар бу мойли ўсимликларни суғориладиган ерларда экиш ва уни қайта ишлаш саноати мамлакатимизда тўла қувват билан йўлга қўйилса, нафақат халқимизни ёғ маҳсулотлари билан таъминлаш, балки уни хорижга экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади. 

Биз Twitterда