Тўрақўрғонда йиллик 60 миллион доллар қувватга эга ноёб текстил корхонасининг тамал тоши қўйилди

8 январь куни “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг Тўрақўрғон туманидаги ҳудудида “HengBang Textile Central Asia” хорижий корхонасининг тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев, “Наманган” ЭИЗ дирекцияси директори Муроджон Ғафуров, вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, хитойлик инвесторлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Тадбир очилишида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, 18 гектарлик майдонда барпо этилаётган ва республикамиз корхоналарининг тикувчилик қийқимларидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу ноёб корхонанинг ишга туширилиши натижасида 1200 дан ортиқ иш ўринлари яратилиши, бу лойиҳа вилоятимиз ва мамлакатимиз тўқимачилик йўналишида янги саҳифа очиши ҳамда Тўрақўрғон тумани иқтисодиёти ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
2020 йил 3-чорагида ишга туширилиши режалаштирилаётган ва умумий лойиҳа қиймати 30 миллион долларни ташкил этадиган ушбу корхонада йиллик 40 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади.
 
 
Тўғридан тўғри Хитой инвестициялари билан ташкил этиладиган ушбу корхона маҳсулотлари асосан Россия бозорига экспорт қилиниши кўзда тутилган. 
Хитойлик инвестор Питер Ли ўз сўзида “HengBang Textile Central Asia” корхонаси йиллик 60 миллион долларлик экспорт имкониятлари билан вилоятнинг энг йирик экспортерларидан бирига айланишни режалаштирилаётганини таъкидлаб ўтди.
 
 
“HengBang Textile Central Asia” компанияси вакиллари билан ушбу лойиҳани амалга ошириш юзасидан инвестицион келишув 2019 йил 16 ноябрь Наманган вилояти ҳокимлигида имзоланганди.
Шуни таъкидлаш ўринлики, 680 гектар майдонни эгаллаган “Наманган” эркин иқтисодий зонаси, ўз ҳудудида бугунги кунда амалга оширилаётган умумий қиймати 513,7 млн АҚШ доллар бўлган 14 та инвестицион лойиҳалар билан вилоятда саноатни ривожлантиришда ҳамда янги иш ўринлари яратишда алоҳида аҳамият касб этади.

Биз Twitterда