Токиодаги Бизнес-Форумда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда йирик япон компанияси ўртасида инвестициялар соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи арафасида Токиода бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Япония Бизнес Форуми доирасида ўтказилган музокаралар натижасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Япониянинг йирик компанияларидан бири – HANWA Co. Ltd. Ўртасида инвестицион соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
 
“Ўзатом” раҳбари, Ўзбекистон Энергетика вазири биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов раислигида ўтказилган сессия йиғилишида имзоланган Меморандумга вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов ҳамда HANWA компанияси фахрий президенти Шужи Кита имзо чекдилар.
 
 
Меморандумга асосан HANWA компанияси Наманган вилояти учун мақбул инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқишда иштирок этади, тўғридан тўғри йирик инвестициялар жалб этишга кўмаклашади. Шунингдек, Япон компанияси Наманган вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Япония бозорига экспорт қилишда ҳамкорлик қилади.
 
 
Йиллик айланмаси ярим миллиард долларга тенг HANWA компанияси Меморандум доирасида бошқа ўзаро манфаатли соҳалар бўйича ҳам Наманган вилояти билан ҳамкорликда иш олиб бориши бўйича келишиб олинди.

Биз Twitterда