Савдо-саноат палатасига қисман мажбурий аъзоликнинг жорий этилиши Конституция зид эмасми?

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларни, шу қаторда бир қатор блогерларнинг фикрларини кузатиб бориб айрим аниқлик киритишни зарур деб билади.
 
 
ССП Ахборот хизматининг маълумот беришича, Дунёда Савдо-саноат палаталарини ташкил этишнинг бир нечта моделлари мавжуд. Европа модели тадбиркорларнинг умуммажбурий аъзолигига асосланади (Франция, Германия, Италия, Испания, Нидерландия, Греция, Австрия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар).
Шунингдек, қисман мажбурий аъзолик (Япония, Сингапур) ва ихтиёрий аъзолик моделлари мавжуд (Россия, Тожикистон, Туркманистон). 
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари бирлашувининг ҳуқуқий асослари “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуннинг 10-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унда уюшманинг мақсади, хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган.
Палата, тадбиркорлар уюшмаси сифатида 1996 йилда ташкил этилган. Президентимизнинг 19.07.2017 йилдаги фармони билан палатанинг таркиби ва функциялари тубдан қайта ташкил этилди.
Палата зиммасига бизнес манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уни ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорларни бизнес асосларига ўқитиш каби бир қатор функциялар юклатилган.
Белгиланган функцияларни бажариб бориб, биргина 2019 йилда палата тадбиркорлар иштирокида 888 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси ўтказилди. Шундан 521 та лойиҳа бизнесни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги аниқланган. Тадбиркорлар манфаатларида 6,3 триллион сўмлик 70 мингдан ортиқ даъво аризалари киритилиб, Палатанинг ҳакамлик судлари 243 миллиард сўм миқдорида 10,6 мингта даъво аризалари кўриб чиқилди. 184,7 мингта бепул хизмат кўрсатилиб, 130 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинишига ва 67,7 миллион долларга тенг мини-технологиялар сотиб олишга кўмаклашди. 75 та бизнес форумлар ва кўргазмалар ташкил этилиб, 15,4 минг фуқаро ва тадбиркорлар бизнес асослари бўйича ўқитилди, улардан 79 нафари чет элда малака оширди.
Бу палата ходимлари бажарадиган ишларнинг атиги бир қисми. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича деярли барча чоралар Палата томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади, унинг ягона манбаи аъзолик бадаллари ҳисобланади. Масалан, битта бизнес-форум каби бундай тадбирларни ўтказиш учун катта маблағ ва куч талаб қилиниши мумкин.
Палата кичик бизнесни давлат қўллаб-қувватлаш тизимида муҳим ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, унга юкланган вазифаларни фақат юқори малакали ходимларни жалб қилган ҳолда барқарор молиявий ҳолати мавжудлигида бажариш мумкин.
“Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун”нинг янги таҳририда қисман мажбурий аъзолик жорий этилган. Ҳозирда палата аъзолари 20321 та хўжалик юритувчи субъект бўлса, унинг 4575 таси 2019 йилда аъзолик бадалини тўлаган. Шу тариқа кузатадиган бўлсак, юртимиздаги тадбиркорларнинг атиги 3,1 фоизи палата аъзоларидир.
Ушбу қонуннинг 17-моддасида фақат йирик тадбиркорлик субъектларининг мажбурий аъзолиги назарда тутилган. Амалиётда ҳам, қонуннинг ушбу нормаси айнан шундай амалга оширилади. Мавжуд 2313 ана шундай корхоналардан бор йўғи 218 таси палатанинг мажбурий аъзоси бўлди, уларнинг аксарияти давлат улушига эга.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида кичик бизнес субъектлари: якка тартибдаги тадбиркорлар; микрофирмалар ва кичик корхоналардир. 3-моддага биноан тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.
Демак, кичик бизнес субъектлари ҳам хусусий тадбиркорлардир ва қонунда уларга ихтиёрий аъзолик белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, палатага қисман мажбурий аъзоликнинг жорий этилиши Конституция ва бошқа қонунларга зид эмас.
Хусусан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида “Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасининг у ёки бу муносабатлари махсус қонунлар билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу қонуннинг нормалари қўлланилади” деб белгиланган.
ССПга аъзолик масаласи махсус қонун билан ҳал қилинганлиги сабабли, қисман мажбурий аъзолик ушбу қонуннинг 2-моддасига зид келмайди.
Қонунда “ва хусусий тадбиркорлик” сўзлари чиқариб ташланиши фақат йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг аъзолигини жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради, кичик бизнес субъектлари учун эса аъзолик ихтиёрий бўлиб қолади.

Биз Twitterда