Россиянинг "Магнит" супермаркетлар тармоғи Наманган вилояти мева-сабзавотлари билан таъминланади

11 Март куни вилоят ҳокимлигида россиялик ишбилармонлар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.  Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Россиянинг машҳур “Магнит” супермаркетлар тармоғи бошқаруви вакили Кирилл Пискунов, йирик замонавий иссиқхоналар қуришга ихтисослашган “ДМД-Тех” компанияси директори Максим Гольдберг ҳамда “МДК” ОАЖ бошқарув кенгаши раиси Амир Альмухаметов билан бўлиб ўтган учрашувда Наманган вилоятида мева ва сабзавот етиштириш ҳамда қайта ишлаш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
 
 
Россиялик ҳамкорлар томонидан Наманган вилоятида йирик гидропоник иссиқхоналар барпо этиш ҳамда ушбу иссиқхоналарда ва вилоят мева-сабзавотчилик хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаб, “Магнит” супермаркетлар тармоғига доимий таъминотни йўлга қўйиш лойиҳаси таклиф этилди.
Бунда “ДМД-Тех” компанияси Россия банклари ҳамда ўз таъминотчиси "РУСАЛ" ("Русский алюминий") компанияси маблағлари ҳисобига Наманган вилоятида йирик гидропоник иссиқхоналар барпо этади. Маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда ушбу иссиқхоналарда етиштирилган мева ва сабзавотлар “Магнит” супермаркетлари пештахталарини тўлдиради.
Таклиф ижобий қабул қилинди. Россиялик ишбилармонларга лойиҳа учун Поп туманидан қўриқ ер майдони ажратиб берилишига келишилди.

Биз Twitterда