Қозоғистон ва Ўзбекистон 500 миллион долларлик шартномалар имзолади

Урганч шаҳрида бўлиб ўтган II ҳудудлараро форумда Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 52та шартномалар имзолашди, деб хабар қилмоқда Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати.
 

Форумда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин учрашиб келгусида ҳам савдо-иқтисодий, инвестицион, қишлоқ хўжалиги, транзит-транспорт, сув-энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, туризм ва экология соҳаларида икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳалар бўйича алоқалар ўрнатишга келишиб олшиди.
“Бизнинг асосий мақсадимиз – ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, яқин келажакда эса 10 миллиард долларга, - деди Абдулла Арипов.   
Бош вазир айтишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 872та корхона Қозоғистон сармояси иштирокида барпо этилган, улардан 300таси фақат ўтган йил давомида.
Қозоғистон бош вазири икки давлат корхоналари иштирокида енгил саноат кластерини ташкил қилишни, биргаликда туризм йўналишларини ривожлантиришни таклиф этди. 
“Қозоғистон учун сизнинг мамлакатингиз бу – Жанубий Осиёга чиқиш йўли бўлса, Ўзбекистон учун бизнинг ҳудуд – ЕОИИ, Кавказ, Европа ҳамда Жанубий-Шарқий Осиё ҳудудларига чиқиш имкониятидир”, - деди Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин.
Шунингдек Мамин “Шимол – Жануб” ва Транскаспий транспорт коридорларини ривожлантириш кераклигини таъкидлади.
Форум якунида икки давлат вакиллари иқтисиодий ҳамкорликни ўз ичига олган умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 52та шартнома имзолашди. Форумда шунингдек B2B форматидаги учрашувлар ҳамда корхоналарга ўз маҳсулотларини намойиш этиш имкони берилди.

Биз Twitterда