Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 2,6 миллиард доллар кредит беради!

Article
Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди: "Ўзбекистонга ташрифим жуда самарали бўлмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бўлиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдим. Ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, боғдорчиликни ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасидаги лойиҳалар бизда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон билан замонавий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ҳудудий алоқалар, савдо ва транзитни ривожлантириш имконини берадиган автомобиль йўллари ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик ва ўрта корхоналарни кўпайтириш ҳисобидан хусусий сектор салоҳиятини ошириш, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши бўйича комплекс дастур, самарали замонавий энергетика секторини ривожлантириш ва такомиллаштириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз". 
Накаонинг таъкидлашича, ОТБ Ўзбекистонга 2017-2019 йиллар даврига 2,6 миллиард долларни суверен кредит шаклида тақдим этишни режалаштирмоқда.
ОТБ делегациясининг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якуни бўйича банкнинг 573 миллион долларлик маблағини жалб қилган ҳолда кичик бизнес, мева-сабзавотчилик соҳалари, сув таъминоти тизими ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантиришга доир 4 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланган.
1995 йилдан бери ОТБ Ўзбекистонга таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва энергия тармоқлари модернизациясига оид 54 лойиҳани амалга ошириш учун 5,1 миллиард доллар тақдим этган.

Биз Twitterда