Наманган "Нафис чарм" корхонаси маҳсулотлари етти иқлимга сотилмоқда!

 
Наманган вилояти Уйчи туманида 2014 йилда ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйган “Нафис чарм” корхонаси вилоятдаги терини қайта ишлаш борасидаги бўшлиқни тўлдириб, маҳсулотларини биринчи кунданоқ хорижга экспорт қилишга бошлади.
Корхона номидаги «Нафис» сўзи ўз ўзидан корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нафис, юмшоқ ҳамда майин эканлигини исботи ҳисобланади. Бу эса чарм маҳсулотларининг сифатини белгилаб берувчи энг муҳим белгидир.
Хитойлик ҳамкорлик билан биргаликда ташкил этилган корхонада терига дастлабки ишлов бериш, яъни ошлаш, қайта ишлаш ва бўяш жараёнларини ўз ичига олган ишлаб чиқариш технологиялари жорий этилган.
Бу йирик ишлаб чиқариш корхонаси йиллик 360 минг йирик шохли мол терисини қайта ишлаб маҳсулот шаклига киритиш қувватига эга. Наманган шаҳрида жойлашган аҳолидан тери йиғиш ва ошлаш пункти эса маҳаллий тери ошловчилик анъаналарини замонавий усуллар билан бирга қўшиб иш олиб боради. Корхонада 30 хилдан ортиқ рангдаги бўялган чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
120 та ходим меҳнат қиладиган “Нафис чарм”нинг бугунги экспорт ҳажми йиллик 11 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Дунёнинг турли қитъаларига экспорт қилиш билан бирга ички бозорни ҳам хом-ашё билан таъминлаб турган, ҳар қандай тур, миқдордаги маҳсулотни сифатли тарзда қисқа муддатда етказиб бера олиш имкониятига эга бўлган Ўзбекистондаги ягона корхона бўлган “Нафис чарм” МЧЖ терилари бугун Ўзбекистоннинг барча оёқ кийимлари, теридан устки либослар тикувчи ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатилмоқда.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда