Наманганлик тадбиркор Кенияда савдо дўкони очди, энди Ўнҳаятда агрофирма ташкил этиб, вилоят экспорт салоҳиятига ҳисса қўшмоқчи

Ўзининг ҳаракатчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги билан ажралиб турувчи наманганлик тадбиркор Шуҳрат Тожибоев доимо янги ғоялар излаш билан машғул.
Мустақилликнинг илк йилларидан эътиборан тадбиркорликка берилган кенг имкониятлардан кенг фойдаланиб келаётган мақоламиз қаҳрамони бугунги кунда бир қатор йирик лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
 Шу кунга қадар хусусий тадбиркор сифатида иш олиб бораётган Шуҳрат Тожибоев дунёнинг бир неча мамлакатлари билан бизнес алоқалар ўрнатишга улгурди. Айни пайтда унинг ташаббуси билан ташкил этилган савдо дўкони узоқ Африка қитъасида, Кения давлатининг пойтахти Найроби шаҳрида ишлаб турибди.
 
 
“Йил бошида, Кенияда маълум муддат мобайнида хизмат сафарида бўлдим. Ўзбекистонда, асосан Наманганда ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотлари – костюм-шим, футболка ва кўйлаклар, пойафзаллар савдоси билан шуғулланувчи савдо дўконини очдик. Албатта бунда кениялик ҳамкорларнинг ҳам ўз ҳиссалари бор. Чунки, биз учун умуман бегона бўлган мамлакатда Ўзбекистондан бориб бизнесни йўлга қўйиш жуда мураккаб иш. Бу ишдаги ҳамкоримиз Абдулфаттоҳ Кеда билан жуда қалин дўстмиз, унинг юртимизга келиш нияти бор. Келгусида бу ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз. Айни пайтда ушбу дўконда Наманганнинг дунёга машҳур брендлари – “Идеал”, “Ваккони”, “Дамбоғ”, “Azaliya Garment”, “Classic” каби ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари сотилмоқда”.
Айни пайтда тадбикор томонидан Россия пойтахти Москва шаҳрида ташкил этилган ўзбек миллий таомлари чойхонаси ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. “Таманно” деб номланувчи масканнинг ҳали очилганига кўп вақт бўлмаган эсада, унинг мижозлари етарли. Бунинг сабабини эса тадбиркор қуйидагича изоҳлайди:
“Ўзбек миллий таомларига бўлган талаб Россияда, айниқса Москвада сўнгги пайтларда ортиб кетгани табиий ҳол. Ўзбек ошхонаси Кавказ, Европа ва Хитой ошхоналари билан бемалол рақобатлашадиган даражага чиқди. Баъзи ҳолларда бизнинг миллий таомларимиз харидоргирлик борасида бошқа халқлар ошхоналарини сезиларни равишда ортда қолдирмоқда. Бу эса бизни хурсанд этмай қўймайди. Шундан руҳланган ҳолда ушбу ресторанни очишга жазм этдик. Натижа эса ёмон эмас. Бу масканимизга оммавий ташрифлардан ташқари, бизнес-ланчларни ўтказиш учун кўплаб тадбиркорлар келишга одат қилишди. Москва бизнес климатида ўзига хос таъсир ўтказадиган жойга айланганимизнинг ўзи катта натижадир. Бу билан тўхтаб қолмаймиз, Ресторан бизнесидаги ҳам янги лойиҳаларимиз мавжуд. Келажакда уларни амалга оширамиз”.
Бу фаолиятлар Шуҳрат Тожибев учун асосий йўналиш эмас. У узоқ йиллардан бери Наманганда етиштирилаётган мева-сабзовот маҳсулотларини хорижга эскпорт қилиш ишлари билан ҳам шуғулланиб келади. Бу борада Наманганнинг экспорт салоҳияти жуда юқори эканлигини, бу соҳада катта ишларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлайди.
У ўзи туғилиб ўсган Уйи туманидаги Ўнҳаят шаҳарчасида замонавий талабларга жавоб берувчи логистика маркази, мева-сабзавот маҳсулотлари сақловчи музлагич мажмуасини ичига олган Агрофирма ташкил этиш ниятида.
“Агрофирма учун энг муҳими, қулай жой бўлиши лозим. Бизга Уйчи туман ҳокимлиги маҳсулотларни тўплаш ва сақлаш учун йўл ёқасидан, инфраструктураси яхши бўлган ҳудудда ер ажратиб берса, бу ишни амалга ошириш учун бизда етарли ресурслар мавжуд. Наманган вилоятининг мева-сабзавотлари қўқонлик, тошкентлик ва самарқандлик тадбиркорлар томонидан йиғиб олиб, хорижга уларнинг фирмалари орқали экспорт қилинмоқда. Бу эса айнан ушбу вилоятларнинг экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилмоқда. Агар бизга ўзимиз танлаган ҳудуддан ер берилса, ана шу ишни ўзимиз амалга ошириб, Наманганнинг экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қиламиз. Биргина Ўнҳаятнинг ўзидан бир йилда бир миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижий ҳамкорларга етказиб бериш салоҳиятига эгамиз. Бундан ташқари бу лойиҳани амалга ошириш орқали 20 дан ортиқ муқим янги иш ўринлари, юзлаб мавсумий иш ўринлари яратилади”, - дейди тадбиркор.
Дарҳақиқат, унинг сўзларида жон бор. Давлатимиз раҳбари, хусусан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлигида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишни янада ошириш борасида кенг кўлам иш олиб борилаётган бир пайтда бу лойиҳа ҳукумат чақириғига “лаббай” деган жавобнинг ўзидир.
Анвар Икрамов

Биз Twitterда