"Made in Uzbekistan". Ўзбек маҳсулотлари жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда!

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноат корхоналарини ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларини экспортга йўналтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда. 
 

Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини янада кенгайтириши ва ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиши йўлида кенг имкониятларни очиб бермоқда. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти изчил юксалиб бормоқда. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда. Хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
Бугун кичик бизнес корхоналари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар каби кенг турдаги товарларни ишлаб чиқармоқда ва ташқи бозорларга экспорт қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси уларнинг товар ва хизматларини ташқи бозорга чиқаришда яқиндан кўмаклашмоқда. 
Мазкур жамғарма жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича 627 тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишда ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатди. Амалга оширилган ишлар натижасида умумий қиймати 642 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланиб, улар доирасида 280 тадбиркор 270 миллион долларлик маҳсулотларини экспорт қилди. Жамғарма кўмагида амалга оширилган экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 8 фоизга кўпайди. 
Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу жамғарма томонидан элликдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига Германия, Россия ва Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишда ёрдам кўрсатилди. Бу тадбирларда 117,8 миллион долларлик экспорт келишувлари имзоланди. Улар доирасида қарийб 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг январь ойида Берлинда бўлиб ўтган “Яшил ҳафта – 2017” халқаро кўргазмасида жамғарма юздан ортиқ тадбиркорнинг тижорат таклифлари билан иштирок этган ҳолда жами 16,8 миллион долларлик экспорт шартномаларини имзолашда кўмаклашди. Москвада февраль ойида ўтказилган “Продэкспо – 2017” озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмасида 75 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди. 
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида 22-23 март кунлари ташкил этилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан юздан ортиқ тадбиркор маҳсулотлари намойиши ўтказилди. Кўргазма якуни бўйича Қозоғистон бозорига тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат, мебель ва қурилиш материалларини етказиб бериш бўйича қиймати 24,4 миллион долларлик 18 экспорт келишуви имзоланди. 
Германиянинг Дрезден шаҳрида жорий йилнинг 6 мартида жамғарманинг Германиядаги ваколатхонаси томонидан Саксония иқтисодиёт вазирлиги қошидаги Иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Тюрингия ва Саксония Савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида “Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган имкониятлар” мавзуида семинар ташкил этилди. Унда Германиянинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик ўрнатиш истагида бўлган қирқдан зиёд корхона вакиллари иштирок этди. 
Бугунги кунда жамғарма томонидан жорий йилнинг 19-21 апрель кунлари Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган “InterFood” халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасида тадбиркорларимизнинг иштирокини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. 
Мамлакатимиздаги ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси таъсисчилигида 85 агрофирма ташкил этилган. Ўтган даврда мазкур агрофирмалар томонидан қарийб 130 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди. 
Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга қаратилган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жамғарма томонидан 2017 йилда 374 миллион долларлик 776 лойиҳани амалга ошириш мақсадида тадбиркорларимизга бизнес-режа ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш ва банкка топширишда кўмаклашиш режалаштирилган. Январь-март ойларида 12 миллион 642 минг долларлик ва 35 миллиард 579 миллион сўмлик 63 лойиҳа молиялаштирилди. 
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жамғарма томонидан жорий йил 3-8 март кунлари “Daejin Chemical” корхонаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил қилинди. “Daejin Chemical” ва “Навоий” эркин иқтисодий зона дирекцияси ўртасида мазкур зонада косметика воситалари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда бу маҳсулотларни МДҲ давлатлари бозорларига экспорт қилишни назарда тутувчи Англашув меморандуми имзоланди. 
Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 16 мартдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жамғарма Россия, Корея Республикаси, Италия, Болгария, Швейцария, Германия ва Испанияда ўз ваколатхоналарини очган. Уларнинг асосий вазифаси маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, харидорлар топиш, маҳаллий брендларнинг ушбу мамлакатларда рекламасини таъминлаш, кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда тадбиркорларнинг иштирокини ташкиллаштириш, Ўзбекистонга хорижий импортёрларнинг ташрифини ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг қонунчилигига мувофиқ талаб этиладиган сертификат ва лицензияларни олишда кўмаклашишдан иборатдир. 
Бир сўз билан айтганда, жамғарма тадбиркорларни ташқи бозор хатарларидан ишончли ҳимоялаш, маҳсулот турларини таҳлил этиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик даражасини аниқлаш ва ошириш, хориждан ишончли ҳамкорлар топиш ва бошқа хизматларни кўрсатишга камарбастадир. 
Шоҳиста Бабаева

Биз Twitterда