Forbes Kazakhstan журналидан Наманган кичик бизнес тажрибасига қизиқиш

 
2017 йилда қатор хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро журналистлар анжуманларида бўлиб қайтдим. Ҳар бирида олинган бевосита билим ва тажриба қаторида, кўплаб халқаро журналистлар, дунё медиа маконида ўз ўрнига эга оммавий ахборот воситалари билан ўрнатилган алоқалар бугун халқаро миқёсда ахборот алмашинувини амалга оширишда қўл келмоқда.
2017 йил май ойида Туркиянинг Анталья шаҳрида Халқаро Медиа Форум (International Media Forum) ишида қатнашдим. Тадбирда иштирок этган журналистлар билан ўз давлатларимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳамда ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашиш имкони ҳам етарли бўлди.
Форумда Қозоғистон вакили сифатида иштирок этган Forbes Kazakhstan молиявий-иқтисодий журнали редактори Ардак хоним Букеева билан ҳам Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини, бўлаётган ижобий ўзгаришларни кенг муҳокама қилдик ўшанда. Айниқса, Наманган вилоятида кичик бизнес ва тадбиркорликнинг юқори даражада ривож топаётгани, вилоят ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг салмоғи Ўзбекистон бўйича энг юқори экани тўғрисидаги маълумотлар ҳамкасабамизнинг эътиборини ўзига қаратди.
Ардак хонимга Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаевнинг маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан танишиш ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида вилоятлар миқёсида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ўрганиш Наманган вилоятига ташрифи, вилоятдаги турли соҳаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан учрашуви тўғрисида ҳам сўзлаб бердим.
Ерик Утембаевнинг “Наманганнинг текстил тажрибасини бугун бемалол дунё текстили тажрибаси сифатида амалга тадбиқ этса бўлади, сабаби вилоятингиз корхоналарида тикилган кийимлар жуда таниқли брендларга айланиб улгурди” деган фикрига иқтибосим эса Forbes Kazakhstan молиявий-иқтисодий журнали редакторида Наманганга бўлган қизиқишни янада орттирди. Наманганга ташриф буюриш масаласи ўз ўзидан суҳбатимиз мавзусига айланди.
Орадан мана, бир неча ой ўтди. Ўзаро мулоқотларимиз чоғида ташрифни амалга ошириш, Forbes Kazakhstan нигоҳида Наманганни талқин қилиш борасида тўхталиб келдик. Ардак хонимнинг доимий чет эл сафарлари, менинг бошқа лойиҳалар доирасида ишларим негадир бу масалани узил-кесил ҳал этишга, бундай нуфузли журнал редакторини Наманганга таклиф этиб, вилоятимизда қилинаётган ишлар билан таништиришга имкон бермади.
Бир неча кун аввал очилиши ўтказилган Учқўрғондаги Uztex Uchkurgan замонавий текстил мажмуасини кезар эканман, “Ҳақиқатдан ҳам, мана шундай буюк лойиҳаларимизни  Forbes каби жаҳоннинг бизнес оламидаги энг йирик нашрига кўрсатиш, журналининг дунёнинг етти бурчагини кезиб улгурган мутахассислари кўзи билан қилаётган ишларимизга баҳо бериш керак” деган фикрлар яна хаёлимда янгиланди.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев яқинда шундай фикр билдирди: “Ўйлашимча, чорак асрлик вақт ўтгандан сўнг ҳамма шуни англаб етдики, биз, бир тарих, дин, маданиятга эга бўлган давлатлар бирга бўлишимиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз ва минтақа хавфсизлигини биргаликда таъминлашимиз лозим. Шу нуқтаи назардан мен Ўзбекистон иқтисодиётида рўй бераётган катта ўзгаришларни кузатиб бормоқдаман...” Ишончимиз комилки, бутун Қозоғистон халқи учун ҳам Ўзбекистон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришлар эътиборлидир.
Vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий нашри Forbes Kazakhstan журнали вакилларини Наманган вилоятига таклиф қилиб, вилоятимиз иқтисодиётининг бугунги эришган ютуқлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништиришни ўз режасига киритди. Кузатиб боринг!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда