Эроннинг Alifard компанияси Наманган меваларини дунё бозорига олиб чиқади

Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов 17 декабрь куни Эроннинг Alifard компанияси раҳбари Фардин Ализад билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Учрашув давомида мевани қайта ишлаш, дунё стандартларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
“Эрон ва Ўзбекистон алоқалари узоқ тарихга бориб тақалади. Айни пайтда Наманган вилоятида Эрон сармоядорлари билан ҳамкорликда кўплаб корхоналар ишлаб турибди. Тадбиркорларимиз ўз ишлаб чиқаришларини йўлга қўйишда ҳам Эрон технологиялари, дасгоҳларидан фойдаланиб келадилар. Мевани қайта ишлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бизнинг бу борадаги  имкониятларимиз жуда катта. Ўн иккита туманимиздан тўрттаси айнан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган. Логистика нуқтаи назаридан ҳам Наманган жуда қулай ҳудудда жойлашган, инвесторлар учун етарли шароитлар мавжуд”,  деди ҳоким ўринбосари.
 
 
Sunich, Sherissa брендлари остида мева шарбатлари, концентратлар, сироплар ишлаб чиқарувчи ушбу компания ўз маҳсулотларини Европа, Шимолий Америка бозорларига экспорт қилади. Шунингдек, Хитой, Австралия, Япония, Қатар, Уммон ва Афғонистон бозорларида ҳам Alifardнинг улуши кескин кўпайганини таҳлиллар кўрсатиб турибди. 
“Бундан ўн кун аввал Лондонда UzInvest форумида иштирок этгандик. Ўзбекистон вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гаплашгандик. Бизни бир нарса хурсанд қилди. Лондон форумидан кўп вақт ўтмай бугун Наманганда лойиҳаларимизни муҳокама қилмоқдамиз. Мақсадимиз Наманганнинг соф табиий, сарҳил меваларини дунё бозорига олиб чиқиш. Шафтоли, ўрик, олма, гилос ва бошқа меваларни қайта ишловчи завод қуриш ниятидамиз. Бу завод маҳсулотлари асосан экспортга йўналтирилади”, деди Фардин Ализард.
 
 
Alifard компанияси вакиллари Наманган вилоятининг мева етиштириш салоҳияти билан танишдилар. Амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳа юзасидан маълумотлар алмашилди.

Биз Twitterда