Бренд яратиш – меҳмонхоналар бизнесини тўғри ривожлантиришни ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришни таъминлайди

Наманган шаҳридаги "Oydin Plaza" меҳмонхонасида вилоятда фаолият олиб бораётган меҳмонхона ва сайёҳлик агентликлари раҳбарлари ҳамда соҳага кириб келишни режалаштираётган тадбиркорлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган ҳиндистонлик Митеш Варма иштирокида ўтказилган семинарда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камолов ва Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ҳам иштирок этдилар.
 
 
Семинарда вилоятдаги меҳмонхоналар фаолиятида юзага келаётган камчиликлар, хизмат кўрсатиш сифати бўйича эътирозлар юзасидан муносабат билдирилиб, сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича барча субъектлар хорижий компаниялардан намуна сифатида бренд яратишни ўрганиш кераклиги ҳамда меҳмонхоналарда кўрсатилаётган хизматларни ривожлантириш кераклиги қайд этилди.
Семинар давомида сўз олган вилоят ҳокими маслаҳатчиси Митеш Варма, меҳмонхона ва турфирма брендини яратиш, халқаро стандартларига мос бўлган ҳолда ривожлантириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, сайёҳлар учун меҳмонхоналарда барча шарт-шароитлар яратиш, меҳмонхоналар сифатини халқаро стандарт даражасига кўтариш юзасидан ўз фикрларини баён қилди.
Семинардан сўнг вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқарма бошлиғи Хуршид Абдумаликов ва меҳмонхона раҳбарлари ўртасида ўтказилган мулоқотда меҳмонхоналарда сайёҳлар учун қўшимча хизматларни жорий этиш, янги ташкил этилиши режалаштирилаётган меҳмонхоналар лойиҳаларини жадаллаштириш, соҳа ривожи учун тақдим этилаётган имтиёзлардан кенг фойдаланиш ҳақида сўз борди.

Биз Twitterда