Бюро маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашади! Натижа ёмон эмас

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида, биринчи навбатда, барча асосий тармоқларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, модернизациялаш, жаҳоннинг илғор технологияларини корхоналарга жалб этиш каби омилларнинг улуши ортиб, натижада хом ашё эмас, балки тайёр маҳсулот экспорти ҳажми йилдан йилга кўпайиб бормокда.
Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорлар учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани натижасида маҳсулот экспорти ҳажми ўтган йилнинг уч ойига нисбатан сезиларли равишда ошганини кузатиш мумкин. Айниқса, маҳсулотларни жаҳон андазалари талаблари даражасида ишлаб чиқариш ва корхоналарда сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш ўзбек тадбиркори ишлаб чиқарган маҳсулотнинг бозори чаққонлигини таъминламоқда. Табиийки, бу жараёнда “Ўзстандарт” агентлигининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Ўзстандарт” агентлиги Наманган ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармасида “Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси” ташкил этилган эди. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Статистика, Божхона ва Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмиталари, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда бюро фаолиятини ташкил этиш ва кейинчалик ривожлантиришда маҳсулотлар сифатига тааллуқли халқаро ва мамлакатлараро талабларни доимий равишда янгилаб борадиган маълумотномани ишлаб чиқиш, жорий этиш, ахборот алмашинуви, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга тааллуқли маълумотлар олиш бўйича ишлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилди.
Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган Қарорига асосан, экспортга мўлжалланган маҳсулотларнинг айрим турларини ихтиёрий сертификатлаштириш ва республикамизга олиб кириладиган технологик жиҳозларни сертификатлаштириш тартиби соддалаштирилгани сабабли қолган турдаги маҳсулотлар сертификатланмаган. Бу ҳам мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитининг яна бир кўринишидир.
Бюро ташкил этилган қисқа давр мобайнида 2.000 дан ортиқ корхона ҳамда тадбиркорлик субъектларига консультатив хизмат кўрсатилди. Нафақат саноат корхоналари, балки фермер хўжаликларига ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш борасида зарур ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросининг асосий мақсади вилоят ҳудудида экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга стандартлаштириш, сертификатлаш, ёрлиқлаш, ўраш ва бошқа параметрлар талаблари юзасидан халқаро ва мамлакатлараро талаблар бўйича бепул маслаҳат хизматларини кўрсатишдан иборат.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоиз, ўтган 2016 йил давомида бюромиз томонидан жойларда маҳсулотлар экспортига оид мавзуларда 10 дан ортиқ семинар ўтказилиб, матбуотда чиқишлар қилинди. Бундан ташқари, ўтган йили ишлаб чиқарувчилардан 350 га яқин мурожаат тушган бўлиб, 89 та корхонага маҳсулотни экспорт қилишда халқаро стандарт талаблари, сертификатлаштириш, ёрлиқлаш, қадоқлаш, метрологик таъминот ва бошка кўрсаткичлар бўйича консультатив хизматлар кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва тайёрланаётган маҳсулотларни “Made in Uzdekistan” ёрлиғи билан узоқ ва яқин хориж давлатларига экспорт қилиш борасида бюронинг улуши ҳам сезиларли бўлмоқда.
Наманган вилоятида 96 та экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида амалий кўмак бериш ва ҳамкорлик қилиш чора-тадбирлари тасдиқланган бўлиб, ижроси изчил олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида бюро вакиллиги томонидан 183 та корхонага ишлаб чиқараётган маҳсулотларига стандартлаштириш, метрология, маҳсулотларни сертификатлаштириш, ёрлиқлаш ва қадоқлаш жараёнида манипуляция белгиларини қўллаш, экспортга ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва бошқа параметрлар бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. 
Наманган вилояти ҳокимининг қарори билан вилоятдаги экспортёр ва экспорт билан шуғулланиш имконияти мавжуд корхоналарда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, унинг таркибида дахлдор идора ва ташкилотлар қаторида, “Ўзстандарт” агентлиги Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросининг Наманган вилояти вакили ҳам самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Намангандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида сақланаётган ва қуритилаётган мева-сабзовотларни ишлаб чиқариш ҳамда сақлаш шароитлари халқаро талабларга мос келиши мақсадида, вилоятда Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган халқаро стандартларни жорий этиш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилиб, корхоналарга етказилмоқда ва улар бошқа меъёрий ҳужжатлар билан ҳам бепул таъминланмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонлар учун яратиб берилаётган ташкилий-ҳуқуқий шарт шароитлар, қонуний кафолатлар, имтиёз ва преференциялар замирида мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсадлар мужассам. Шундай экан, биз ҳам тадбиркорга доимий мададкор ва кўмакдош бўлаверамиз.
Алишер СУЛАЙМОНОВ  

Биз Twitterда