Ғова ҳақида сўз

Чустнинг Ғова қишлоғи ўзининг бетакрор табиати билан азалдан ўзига минглаб сайёҳларнинг жалб этиб келган. Бу гўзал масканга бориб, сойларида чўмилиб, тоғларига чиқиб, бир кеча ётиб қолиб ҳордиқ олганлар бисёр. Шох ва шоир Мирзо Бобур ҳам ўзининг Бобурнома асарига Ғова ҳақида кўп ёзган.
 
 
Ўзбекистон булбули, халқ артисти Камолиддин Раҳимовнинг Ғова ҳақида сўзлари бу қишлоқнинг нақадар бетакрорлигини исбот бўла олади. Устоз ҳофизнинг машҳур қўшиғи – “Наргиз”нинг Ғова билан боғлиқлиги бор.
 
 
Бу ҳақда Камолиддин Раҳимов 2007 йилги суҳбатида шундай дейди: Бу "Наргиз" деган қўшиғим... Комил Девоний деган хоразмлик бир шоирнинг китобини сотиб олгандим китоб дўконидан. Шу китобни варақласам, ичида шу "Эй, юзинг кўзгусига волаи ҳайрон, Наргиз" дея ғазал битилган экан. Шу ғазал менга ёқди, шунга ашула яратиш устида анчагина бош қотирдим. Таҳминан бир олти ойларча шу ашулани яратиш устида машғулотлар ўтказиб, кўп машғулот қилдим. Бизнинг Наманган вилоятининг Чуст деган тумани бор, шу Чустнинг тепасида Ғова деган тоғли қишлоғимиз бор. Ўша Ғовага икки биродарим билан дам олгани чиқдик. Шу ерда ғазални яна олдимга олиб, яна куй басталашга ҳаракат қилдим. Шу ерда шу ашула бунёд бўлди. У ер тоғли, олдингиздан сой оқади, рўпарангиз тоғ, ажойиб, кўркам манзарали жойлар... Шундай қилиб, "Наргиз" ашуласи шу ерда 1976-йилда бунёд бўлди... Кейин, ошнам ҳазилкашроқ эди, раҳматли бўлиб кетган, мен унга "мана, эшитиб кўринг, Эркинбой, ашула тайёр бўлди," дедим ва чалиб "рарарам, рарарум" бўлганидан кейин, шу ашуланинг тугалланишида "эҳеҳей" десам, у "Ҳа, ошна, ашула бир чирой бўлибди-ю, шунисини нима қиласиз қўшиб?" деди. Мен "Эй дўстим, мана шуниси шу ашуланинг кўрки бўлади, ҳудо хоҳласа," дедим. Фаришталар овмин деган экан, ашула 76-йилда тайёр бўлиб, 77-йил республика телевидениесида ҳар йили бир қўшиқлар гулдастасини тайёрлаб, бир соат концерт айтиб чиқардим. Шу навбатдаги ашулаларим гулдастасида "Наргиз" ашуласи ҳам янгради. Шу томошабинларга манзур бўлганича, мана шу дамгача, ҳозирги ёшлар ҳам қандайдир уни яхши кўришади, кўп биродарлар қизлар кўриб исмини Наргиз қўйишди...”
 
Ғовалик Отабек Қобилов ўз қишлоғи ҳақида тўлқинланиб сўзлайди:
 
“Тоғларнинг бағрида жойлашган ҳамда тоза ҳавоси ила туманимизда ўзига хос муҳим ўрнига эга бўлган ажиб бир маскан бу ҒОВАСОЙ қишлоғидир.
 
 
Ўзига хос табиати, иқлими инсонни ўзига жалб қила олади. Ҳавосидан тўйиб нафас олиш, маданий ҳордиқ чиқариш учун нафақат Фарғона водийси, балки бошқа вилояту қўшни республикалардан ҳам ташриф буюришади.
Биз ҒОВАСОЙ дейишимиздан сабаб, қишлоғимиз марказидан оқиб турувчи катта сой мавжудлигидир.
Инсоният учун минг дардга шифо  "Қайнар булоқ" зилол суви ҳам бизнинг қишлоқда жойлашган”.
 
Қишлоғим сўлимдир яйрайсиз жуда,
Ўтган дамингиз ҳеч кетмас беҳуда.
Тоғларидан оққан сувлари зилол,
Манзараси ажиб сизни этар лол.
 
Одамларни қочмас сира меҳнатдан,
Ёқамни ушлайман колиб ҳайратда.
Тоғда боғ яратган уста миришкор,
Тассано айтаман уларга юз бор.
 
Умрингиз узаяр танангиз яйраб,
Шод бўласиз қорли чўққига қараб.
Қулоқ тутинг дейман дил садосига,
Дам олишга  келинг Чуст Ғавосига...
 
 
Ғова сою тоғлари, бетакрор чўққиларию ноёб Тешиктоши билан ҳам машҳур. Шунингдек, бу замин остида бой қазилмалар ётибди. Бундан беш йил бурун Британия ва Австралиянинг Rio Tinto компанияси Ғова қишлоғидаги объектда олиб борилаётган геология-разведка ишларини олиб бориб, мис конларини аниқлаганлар.
Юртимизда 250-300 дона қолган, “Қизил китоб”га киритлган ноёб қўнғир айиқ ҳам айнан Ғовада яшайди. 
Ғова ўзининг меҳнаткаш инсонлари, илмли фарзандлари билан фахрланади. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам 1975 йилда Ғова қишлоғида таваллуд топган.
 
 
Хуллас, Ғова ҳақидаги бугунги сўзимиз шу.
Сиз ҳам ўз билганларингизни ёзинг, азизлар.
 
Анвар Икром

Биз Twitterда