Наманган мўжизалари: Бибиона булоғи хосияти сири ёлғиз Оллоҳга аён...

 
Сўнгги бронза ва илк темир даврига оид Чуст манзилгоҳи яъни Бибиона ёдгорлигининг ҳозирги кундаги сақланиб қолган ер майдони 4,05 гектарни ташкил этади. Археологик ёдгорлик ҳудудида қадимий шифобахш булоқ мавжуд бўлиб, ушбу булоқ Бибиона-Қайнар булоқ номи билан машҳур. Башарият тарихининг ибтидоий босқичларида вужудга келган илк деҳқончилик маданиятлари ҳақида гап юритилганида, олимлар, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудини ҳам тилга олишади. Кейинги йилларда республикамизнинг турли жойларидаги қадимги манзилгоҳлардан топилган талай моддий-ашёвий, далилий топилмалар бу фикр-хулосаларнинг тўғри эканини исбот қилди.
Бу маданият дастлаб ва энг кўп ўрганилган ёдгорликларнинг номи билан Чуст маданияти деб аталади. Энг биринчи ўрганилиб фанга киритилган Чуст даври ёдгорликларининг Фарғона водийсидан топилган харобалари тарихий –археологик ва хронология жиҳатидан сўнгги бронза (жез) даврига мансубдир.
 Чуст ёдгорлиги асосан эрадан аввалги иккинчи минг йилликнинг охири – биринчи минг йилликнинг биринчи ярмига тўғри келади. Бу манзилгоҳлар ичида энг машҳури ва яхши ўрганилгани Чуст маконидир. Бу ёдгорлик Чуст шаҳридан икки километр шимолда, Ғовасой соҳилида жойлашган кўҳна тепалик, яъни кўҳна кент, қишлоқ харобасидир. Халқ тилида Буонамозор номи билан юритиладиган бу манзилгоҳ дастлаб 1950 йилда археолог М.Э.Воронец томонидан тадқиқ қилинган. 1951–61 йилларда археолог В.И.Спришевский томонидан ўрганилди. Сўнгра 1974–82 йилларда Ю.А.Заднепровский раҳбарлигида қидирув ишлари олиб борилди. 1982-84 йилларда Академик Аҳмадали Асқаров бошчилигида ўзбекистонлик ва петроградлик олимлар томонидан 500 квадрат метрдан ортиқ майдон очиб ўрганилди.
 Бу ёдгорликдан 2 йиллик қазишмалар вақтида 80 та чуқур ўра-омборлар очилди ва археология фани учун ғоятда қимматли маълумотлар қўлга киритилди.
 Буонамозор харобасини текширган олимлар унинг ёшини турлича талқин қилиб келмоқдалар. Сўнгги тадқиқотлар натижасида Буонамозор ёдгорлигининг ёши милоддан аввалги X-VIII aсрларга тўғри келади, деган хулосага келинди.
 Тадқиқот натижаларига кўра, ибтидоий одамлар, хусусан, деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли орасида ер, сув, қуёшга муносабат жуда кучли бўлган. Буонамозордаги қадимий булоқ ҳам илоҳийлаштирилган бўлиб, одамлар диққатини ўзига қаратади, яъни «Бибиона мозори» деб ном олгани ҳам ана шу булоқни муқаддаслаштириш ва илоҳийлаштириш билан боғлиқ бўлса керак. Буонамозор аҳолиси ибтидоий жамоа тузумида яшаганлиги ҳақиқатга яқин туради. Бинобарин, бу даврда эркаклар оғир юмушларни бажарганлар, аёллар эса жамоада катта роль ўйнаб, жамоани бошқарганлар.
 Буонамозор манзилгоҳининг топилиши ва ўрганилиши жараёнида Фарғона водийсида, шу жумладан, Наманган воҳасида бундан 2800–3000 йил аввал ота–боболаримиз тоғ олди ҳудудларида сойлар соҳилида ва булоқлар атрофида илк бор суғорма деҳқончилик билан шуғулланганликлари маълум бўлди.
Буонамозорда олиб борилган узоқ йиллик текширишлар натижасида Чуст маданиятининг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган масалага аниқлик киритилди. Илгарилари бу маданиятнинг келиб чиқишини Эрон, Афғонистон территорияларидан келган аҳоли фаолияти билан боғлашар эди. Эндиликда унинг излари қўшни территорияларда яшаган аҳоли, хусусан, Жанубий Туркманистоннинг таъсирини инкор этмаган ҳолда маҳаллий аҳоли хўжалик фаолияти заминида шаклланганлигига ва ривожланганлигига ишонч хосил қилинди. Дарҳақиқат, Чуст маданияти шаклланаётган даврда Ўрта Осиёда катта ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Археолог ва антрополог олим-ларнинг кузатишлари натижасида, бу ўзгаришлар Ўрта Осиёни шимол томондан келган кўчманчи чарводор андрон (милоддан аввалги II минг йилликда Енисей билан Урал дарёлари оралиғида тарқалган) ёруб (II минг йиллик охири-I минг йиллик бошларида Волга ва Дон дарёлари ҳавзасида тарқалган) маданиятлари қабилалари билан боғлиқ экан.
Мазкур қабилалар маҳаллий аҳоли билан аралашиб, Ўрта Осиёнинг шимолий зонаси, шу тариқа, «чорва майдонлари» га айланиб кетгач, янги яйловларни қидириш мақсадида бу кўчманчи чорвадор кабилаларнинг бир қисми жануб томонга йўл олган. Қолганлари эса тоғолди этакларидаги булоқ бўйларида, дарё соҳилларидаги пастқам, суғорилиши осон жойларда деҳқончилик қилишга ўта бошлаганлар. Шундай қилиб, милоддан аввалги I минг йиллик атрофида Ўрта Осиёнинг шимолий ва шарқий территорияларида алоҳида воҳалардан иборат қадимги деҳқончилик марказлари пайдо бўлади.
Бу манзилгоҳ эгалари пахсадан қурилган уйларда ва чайла типидаги кулбаларда яшаганлар. Шунингдек, деворлари пахсадан бир нечта тор хоналар ва ғишт терилган баъзи қўрғонлар ҳам аниқланди. Буонамозордаги аждодларимиз асосан ертўла типидаги уйларда яшаганлар. Бу даврда вужудга келган йирик манзилгоҳлар Косон, Ахсикент ва Зарафшон водийсидаги Афросиёб шаҳар манзилгоҳларидир.
Ҳазрат Бибиона булоғи Чустдаги жамики чашмаларнинг онаси, дейиш мумкин. Ривоят қилишларича, Бибиона юртнинг маликаси бўлган. Яна бу даргоҳда намоз ўқиганларни таҳқирлаган бир одамнинг фожеаси ҳақида ривоятлар бор. Булоқнинг хосиятини писанд қилмай, умри кулфатда ўтганлар бор.
 
 
Хуллас, бунақа гаплар талайгина. Лекин буларнинг биронтаси ҳам шунчаки ривоят эмас. Ҳаммаси шоҳидлар кўз ўнгида содир бўлган. Бибиона булоғи тўғрисидаги бу сўзларни бидъат дейишдан ҳам сақланган маъқулдир... Бибионанинг суви шифобахш. Алалхусус, кўплаб кўзи оғриганлар шифо топади, неча-неча фарзанд талаб кишилар оилалар бешикли бўлиб кетишган. Ихлос билан тиниқ сувнинг сокин тубига термилсангиз, юрагингиз ёришиб кетади, нохуш ўйлар сизни тарк этади, руҳингиз қуш қанотидай енгиллаб қолади, дейди бу ерда яшайдиган инсонлар. Ойна мисол шаффоф сувнинг ости сумалакдай қайнагани қайнаган. Қум юзидаги қорамтир ҳошиялар минг хил шакл чизади. Айтишларича, энг покдил, ҳалол, тоза инсонларга сирли ёзувлар ҳам кўринар эмиш.
Ушбу Бронза даврига оид Чуст манзилгоҳи яъни Бибиона ёдгорлиги атрофида ободонлаштириш ишларини амалга ошириб, қайта илмий тадқиқот ишларини ўтказишда ёш археолог тадқиқотчиларни жалб этиш, нафақат вилоятда балки Республикамизнинг ташқи саёҳлик йўналиши ва хизматини йўлга қўйиш мумкин. 

Биз Twitterда