Наманганлик "сирли" Зулфиячилар...

 
Танлов одатда қандай якун топади? Танлов иштирокчилари ўз қобилиятларини намойиш қилишади жюри олдида, улар баҳоланади, якунда натижалар эълон қилинади, ким ғолиб бўлгани маълум бўлади...
Наманганда ҳам бир неча кун аввал Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Таълим, фан, маданият, адабиёт, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича 134 нафар зукко, билимдон ва фаол қизлар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўзаро баҳслашдилар.
Якунда эса... Танлов низомидаги йўналишлар бўйича тегишли соҳаларнинг тажрибали мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра "муносиб деб топилган номзодлар" кўрик-танловнинг мамлакат босқичига тавсия этилди...
Ким муносиб деб  топилгани эса ҳеч кимга маълум эмас! Яъни тасаввур қилинг, танлов якун топди, натижалар маълум, кимлардир кўрик-танловнинг мамлакат босқичига тавсия этилди, аммо бу натижа – “давлат сири”га ўхшаб кетадиган сир! Қанақа сир, дейишингиз мумкин. Аммо иштирокчиларга ҳам маълум бўлмаган натижа асосида кимлардир кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлса ва бу “сирли ғолиблар”нинг ким эканлиги фақат мамлакат босқичи бўлиб ўтгандагина маълум бўладиган бўлса, уни нима дейиш керак...
Бу ҳолат бир неча йилдан бери такрорланиб келинади. Қийин қийин, не не умидлар билан танловда иштирок этган қизларга қийин...
Танлов якун топганда ва натижа маълум бўлганда, уни оммага очиқ эълон қилмасликнинг сабаби кимларгадир аён, бизга ноаён... Балки, бу ёзганларимиз чоп этилгач, натижа ҳам маълум  бўлиб қолар...?
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда