Наманганда Прокурор, Адлия ва Ички ишлар бошқармалари бошлиқлари депутатларга ҳисоб беришди

2020 йил 21 февраль куни Наманган вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар залида Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини вилоят ҳокими, Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши раиси Хайрулло Бозоров олиб борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Сессия ишида Олий Мажлис сенати аъзолари, халқ депутатлари вилояти кенгашининг депутатлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг иккинчи сессияси кун тартибига асосан, дастлаб депутатлар Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2019 йил давомида тизимларда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини тингладилар.
 
 
Ҳисоботлар юзасидан депутатларнинг фаол иштирокида муҳокамалар ўтказилди. Тақдим этилган ҳисоботлар бўйича депутатларнинг саволларига батафсил жавоб берилди, уларнинг адлия, прокуратура ҳамда ички ишлар тизимларининг вилоятдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлари ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди.
 
 
Кун тартибига киритилган вилоят судлари раисларининг 2019 йилда судловлар юзасидан амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи, судьяларнинг хизмат сафари билан Тошкентда эканликлари сабабли кейинги сессияга қолдирилди. 
 
 
Кун тартиби доирасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2020 йилда аниқланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан йўналтирилаётган маблағлар тўғрисида депутатларга батафсил маълумот берди.
Депутатлар, шунингдек Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши ва доимий комиссияларининг 2020 йилга белгиланган иш режаларини ҳамда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиялар оралиғида қабул қилган қарорларини тасдиқлаш масалаларини кўриб чиқдилар.
 
 
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегиши қарорлар қабул қилинди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Биз Twitterда