Намангандаги улоқ-кўпкарида мингдан ортиқ чавандоз

Йил сарҳисоби бўйича улкан ютуқларга эришган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни Наманганда эсда қоларли тарзда нишонланди. Илк тадбир Наманган отчопарида ташкил қилинди. Бу ерга йиғилган ўн минглаб томошабин халқимизнинг севимли ўйини - кўпкари мусобақаларини ҳаяжон билан кузатди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 

Мингдан ортиқ чавандоз ўзининг улоқчи оти билан майдонга тушди. Ташкилотчилар томонидан совринга тикилган 3 та туя, 12 та той, ўндан ортиқ бузоқ, ўттизга яқин қўй-эчки, ўнлаб гилам, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар улоқни белгиланган жойгача дадил ортмоқлаб борган полвонларга тақдим этилди.
 
 
Улоқда республикамизнинг барча вилоятлари, шунингдек қўшни Қирғистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятлари ва бошқа ҳудудларидан келган полвон-чавандозлар иштирок этишди.
 
 
От чопишда фахрийлар ҳам ёшларга намуна бўлдилар. Улоқнинг бош ҳакамлиги вазифасини 70 ёшга бориб қолган тўрақўрғонлик Мурод полвон Мирзаев – “Кашшей” маҳорат билан бажарган бўлса, андижонлик 70 яшар Сулаймон полвон ўзининг “Геркулес” лақабли отида ўртадан улоқ олиб чиқиб, ўз маҳоратини намойиш қилди.
 
 
Отчопар атрофида ўтовлар тикилиб, қишлоқ хўжалиги фидойилари учун бир пиёла чой ташкил этилди. Унинг қаршисидаги саҳнада эса эл ардоғидаги санъаткорлар Рустам Ғойипов, иқтидорли хонанда Шоҳжаҳон Жўраевлар ўзларининг мумтоз ва замонавий қўшиқлари билан тадбирни қиздирдилар.
 
 
Байрам тадбирларида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда барча туман раҳбарлари иштирок этдилар.
 
 
 

Биз Twitterда