Инсоннинг қалби ниҳоятда нозик эканини унутмаслик керак

Солижон Мўминов. Бу исм Наманган аҳлига яхши таниш. Уни эшитганки инсон кўз ўнгида билимли, ташкилотчилик ва бошқарувчилик салоҳиятига эга раҳбар, тажрибали шифокор, изланувчан давр одамининг қиёфаси намоён бўлади.
Солижон ака катта ҳаётий ва касбий тажрибага эгалигига қарамай, қалбан беғубор инсон. Бу бежиздан эмас, у 1 июн - болалар байрами куни таваллуд топган. У бу йил қутлуғ 50 ёшга тўлди.
 
 
Наманган шаҳрида, оддийгина оилада туғилиб ўсган Солижон Мўминов болалигидан илмга ташна бўлди. Еттидан бири - Ҳизр, деганларидек, падарибузруквори Жалил ота, онаси Раҳимахон аялар етти фарзанд ичида мана шу Солижонга бошқача умид кўзи билан қарар, унинг устозлари тилидан томаётган илиқ гаплар улар юрагига нур бағишлар эди. Бу умидлар изсиз кетмади, Солижон қатъий аҳди - шифокор бўлишдек мақсади сари катта қадамни ташлади. 1987 йил - мактабни тугатган йилиёқ Андижон давлат тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлди. Талабалик йилларида сабоқ берган устозлари ҳам уни келажакда Наманган вилояти тиббиёти учун жон куйдиргувчи, унинг равнақи учун арзирли тамал тошини кўя олгувчи мутахассис бўлишига ишонч билдиришди. Шубҳасиз, шундай бўлди.
1994-1995 йилларда Наманган вилоят кардиология марказининг реанимация бўлимида интернатурани ўтаган Солижон Мўминов шу ерда врач-кардиореаниматолог сифатида ишда қолди. 1997-2008 йилларда марказда врач-кардиолог бўлиб ишлаган йилларида фақат тажриба орттириш билан чекланиб қолмади, илмий ишга ҳам қўл урди. Соҳанинг ечим кутиб ётган муаммоларини ҳал этишнинг самарали усулларини топиш учун изланди. 2008 йилдан 2014 йилга қадар кардилогия маркази юрак-аритмия бўлими бошлиғи ва марказ бош врачи вазифаларида сидқидил фаолият олиб борди.
Мана, олти йилдирки, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида вилоят тиббиёт соҳаси ривожи йўлида меҳнат қилаётган қаҳрамонимизнинг юксак маънавияти, ишчанлик қобилияти, ташаббускорлиги, ўз ўрнида эътиборли, меҳрли инсон эканлигига кўплар гувоҳлик бериши мумкин. “Энг аввало, инсоннинг қалби ниҳоятда нозик эканини унутмаслик керак”, дейди Солижон ака. Яна, инсон касбини чин кўнгилдан яхши кўриши керак, шундагина у ҳар қандай қийинчилигу машаққатларни енгиб ўта олади, деган фикрни таъкидлашни ҳам хуш кўради.
Солижон Жалилович, бошчилигида вилоят соғлиқнинг сақлаш тизимидаи сўнгги йилларда улкан модернизация ишлари амалга оширилди. Вилоят шифохоналари тубдан янги қиёфа кўриниш касб этди. Тўғри бунда, сиз давлат ўзи ҳам тизим раҳбари иштирокисиз бу ишларни амалга оширмоқда деб ўйларсиз. Лекин бунда хато қиласиз. Чунки раҳбарият олдига, талаб қўя олиш ва уни ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода тизим раҳбарининг бу борадаги хизматлари беқиёсдир.
Эллик ёшингиз қутлуғ бўлсин, Солижон ака! Вилоятимиз аҳли, дўстларингиз, оилангиз бахтига узоқ умр кўринг. Меҳнатларингиз роҳатини кўришлик насиб этсин. Холис ниятларингиз, орзу-мақсадларингиз барчасини Яратган ижобат этсин!
Санжарбек Ҳамидов,
“Саломатлик сабоқлари” канали модератори,
Анвар Икрамов,
vodiymedia.uz  ахборот портали бош муҳаррири,

Биз Twitterда