"China Construction" компанияси Намангандаги қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этади

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 9 декабрь куни “China Construction Sausum Co., Ltd” вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. 
 
 
“China Construction Sausum Co., Ltd” компанияси тижорат ишлари бўйича директори Чжао Чуньсяо бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашувда ушбу компаниянинг Наманган вилоятидаги йирик қурилишлар – Namangan city лойиҳаси, Нанай сайёҳлик зонаси, Юксалиш ҳудудидаги йўлдош шаҳарча лойиҳаларида иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди.
“Бизнинг компаниямиз Хитой қурилиш холдинг корпорацияси (CSCEC)нинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Ўттиз минг ишчи, уч мингдан ортиқ юқори малакали мутахассисларга эга – олимлар, катта муҳандисларимиз, лойиҳалаш бўйича иккита институтимиз мавжуд. Сўнгги 30 йил ичида Африка, Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва Осиёда кўплаб лойиҳаларни амалга оширдик. Буларнинг умумий суммаси эса 15 миллиард доллардан ошади.
Асосий йўналишларимиз инвестиция ва қўчмас мулк, инфраструзилма лойиҳалари, уй-жой қурилиши ҳисобланади.
Намангандаги сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан лойиҳалар бизнинг бу вилоятга бўлган қизиқишимизни орттирди. Нанай сайёҳлик зонаси, вилоят маркази - Ҳамроҳ кўчасидаги қурилиш лойиҳалари билан танишиб чиққанмиз. Биз Наманганда катта-катта лойиҳаларни амалга оширишни, йўллар, кўприклар, тунеллар ва бошқа йирик қурилиш лойиҳаларида ишларида иштирок этишни истаймиз”, деди Чжао Чуньсяо.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ўз сўзида Хитой ва Ўзбекистон муносабатларига алоҳида тўхталиб ўтди. “Ҳозирги кунда вилоятимиз улкан қурилиш майдончасига айланган. Айни пайтда Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон вакиллари билан йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Биз Наманганни водийнинг ишбилармонлик марказига айлантиришни мақсад қилганмиз, бунинг учун барча имкониятлар мавжуд.
Наманган шаҳрида 78 гектарлик майдонда Namangan city’ни қуриш концепцияси тасдиқланди. Юксалиш ҳудудида 300 гектарлик майдонда йўлдош шаҳарча қурилиши бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 165 гектарлик майдонда Нанай сайёҳлик зонаси барпо этилади. Бу лойиҳаларни амалга оширишда албатта йирик корпорацияларнинг иштироки биз учун жуда муҳим. Шу боис ўзаро ҳамкорликда биз хорижлик шериклар учун барча шароитларни яратиб берамиз”, деди Хайрулло Бозоров.
Вилоят раҳбари учрашув чоғида Наманган халқаро аэропортини модернизация қилиш, уни ривожлантириш учун муносиб ташқи бошқарувни жорий этиш учун музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди. Компания тижорат ишлари бўйича директори Чжао Чуньсяо аэропорт қуриш ва модернизация қилиш борасида ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб, Урумчидаги халқаро аэропортни айнан уларнинг компаниялари барпо этгани, бу борадаги ўз тажрибаларини Наманганда ҳам амалга тадбиқ этишлари мумкинлигини таъкидлади.
Хитой компанияси вакиллари Namangan city лойиҳаси билан таништирилди. Уларга амалга ошириладиган қурилиш лойиҳалари ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Биз Twitterда