Жаҳон сув парилари Тошкентда йиғилади

Article
Синхрон сузиш бўйича 2017 йилги жаҳон сериясининг якуний гран-при мусобақасига Тошкент мезбонлик қилади. Бу ҳақда Халқаро сузиш федерацияси расмий сайти маълум қилган.
Халқаро сузиш федерацияси ( FINA) томонидан ташкил этиладиган  Синхрон сузиш бўйича жаҳон серияси мусобақалари дунёнинг турли қитъаларида ўтказиб келинаётган йирик турнирларни ўз ичига бирлаштиради. 2017 йилги жаҳон сериялари саккиз босқичдан иборат бўлиб, мусобақанинг биринчи босқичи 10-12 март кунлари Парижда ўтказилади. Иккинчи босқичга Хитойнинг Тайюан шаҳри мезбонлик қилади ва мусобақалар 22-24 апрель кунларига белгиланган. Кейинги мусобақалар қуйидаги тартибда ўтказилади: учинчи - 28-30 апрель, Токио (Япония), тўртинчи — 2-7 май, Торонто (Канада), бешинчи - 25-28 мая Испания (қайси шаҳарда ўтиши ҳали белгиланмаган), олтинчи – Россия (мусобақаларни қайси сана ва шаҳарда ўтказилишига энди аниқлик киритилади), еттинчи - 22-24 июнь Нью-Йорк (АҚШ). Жаҳон сериясининг якунловчи Гран-При мусобақалари Ўзбекистонда, Тошкентда бўлиб ўтади. Ҳозирча унинг санаси маълум қилингани йўқ. 2016 йилнинг сентябь ойида Тошкентда синхрон сузиш бўйича «Suv parisi» халқаро мусобақаси ўтказилиб, унда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Украина, Филиппин, Венгрия, Словакия, Исроил каби давлатлардан юздан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳслашишганди. Бу мусобақанинг юқори савиядаги ўтгани Халқаро сузиш федерацияси раҳбарлари эътиборидан четда қолмади. Шу боис  «Suv parisi» турнири 2017 йилнинг хал қилувчи Гран-при  босқичи мақомида ўтади.

Биз Twitterда