Ўзбекистон туризмининг ривожини Туркия ўз масаласидек кўрмоқда. Чойхоналарда турист кўплигидан жой топилмайдиган давримиз яқин!

 
Жорий йилнинг май ойида Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Медиа Форум (International Media Forum 2017) доирасида Туркиянинг ўша пайтдаги маданият ва туризм вазири Наби Авжи, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан саволимизга шундай жавоб берганди:
 - Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Туркияникидан кам эмас, ва бу соҳадаги бугунги Ўзбекистондаги ҳолат Туркиянинг ўттиз йил аввалги туризмни ривожлантириш дастурини йўлга қўйган даврни эслатади. Шунинг учун биз Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ўз тажрибамизни, керак бўлса, ўз хато ва йўл қўйган камчиликларимизни ҳам кўрсатган ҳолда ўртоқлаштириш ниятидамиз. Ки, Ўзбекистон туризмни ривожлантиришни биздан ҳам тезроқ амалга оширсин.
 
 
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бугун Туркия томонидан Ўзбекистон туризмининг ривожи борасида жуда катта ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Дўстлик ришталарининг нақадар кучли эканини шу ерда ҳам кўрса бўладики, Туркия ўзига халқаро туризм бозорида рақобатчини ўзи “яратмоқда”, яъни эртага кўп жиҳатларда ўхшаш бўлган Ўзбекистон туризм йўналишлари Туркиянинг потенциал мижозларини ўзига тортиб кетиши ҳақида гап ҳам йўқ.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи якунида Президентимизнинг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан ҳамкорликда ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам Ўзбекистоннинг туризмини ривожлантириш борасидаги ўзаро ҳамкорлик масаласи ҳар давлат раҳбарлари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сўнгги 15-20 кун ичида туризм борасида ҳамкорлик масаласидаги бўлиб ўтган воқеъликлар шуни кўрсатяптики, Туркия Ўзбекистоннинг туризми ривожланишига кўмаклашишни ўта жиддият билан йўлга қўйди.
Дастлаб, октябрь ойининг ўрталарида Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари саналадиган вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф мобайнида меҳмонлар қадимий Самарқандда бўлиб, Имом ал-Бухорий ва Гўри Амир мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди, шунингдек, бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишди ва тасвирга олиш ишларини амалга оширишди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов билан бўлган суҳбат давомида эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси меҳмонхона мажмуаларини қуриш ва бошқа туризм инфратузилмаcини ривожлантиришга тайёр инвесторлар учун шарт-шароит ва имкониятларни яратиш масаласига ҳамда «Қадимги Бухоро» ва «Самарқанд Cити» туризм зоналарида тадбиркорлар учун тақдим этиладиган шарт-шароитлар ва солиқ имтиёзлари тўғрисида маълумотлар берди.
 
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Туризм соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувга эришилди.
 
 
23 октябрдан 29 октябрга қадар Туркиянинг Анталья шаҳрида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари ҳамда Республикамиздаги хусусий меҳмонхона бизнеси вакиллари учун “Профессионал фаолиятга тайёргарлик” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
 
 
Семинар якунида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм соҳаси ходимларини малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш Республика маркази билан Анталья туризм академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу меморандум икки томонлама таълим ҳамкорлиги, ўқитувчи ва талаба алмашинуви, туризм соҳаси вакилларини ўқитиш тизими такомиллаштириш борасида кўмаклашиш каби масалаларни ўз ичига олади.
 
 
Ўтган ҳафта Туркиянинг «APEAS Engineering & Construction» компанияси бош директори Юсуф К.Таймаз бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Ушбу ташрифнинг мақсади – Самарқандда қиймати 20 млн. АҚШ доллари бўлган, 130 та хонага мўлжалланган меҳмонхона мажмуасини қуриш бўйича музокаралар ўтказишдан иборат.
 
 
Бир неча кун аввал яна бир оламшумул янгилик эълон қилинди. Туркиялик давлат арбоби, икки бор Туркия Буюк Миллат Мажлиси (Парламенти) депутати бўлган Содиқ Бадак, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимовнинг туризмни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу борадаги келишувга айнан Президентимизнинг Туркия ташрифи доирасида эришилгани маълум қилинди.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Туркияда иш олиб бормоқда.
 
 
Ташриф доирасида кўплаб турк ишбилармонлари, сармоядорлари, туризм бизнесининг йирик вакиллари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Хусусан, Туркия сайёҳлик агентликлари уюшмаси (TÜRSAB) раҳбари Башаран Улусой билан бўлган учрашув жуда самарали бўлди. Бу учрашувда икки мамлакат сайёҳлик агентликлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Улусой, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини ўз сайёҳлик агентликлари билан биргаликда Travel Turkey Izmir (2017 йил 7-10 декабрь) ва EMITT Istanbul (2018 йил 25-28 январь) халқаро туризм кўргазмаларида бепул иштирок этишга таклиф қилди.
 
 
Ўзбекистонда тоғ-чанғи спортини ривожлантириш асосий мақсадлардан бири қилиб белгиланган. Бу борадаги жараёнларни аниқ ўрганиш учун, делегациямиз вакиллари Туркиянинг Бурса шаҳрига, дунёга машҳур Улудағ тоғ-чанғи туризм мажмуасига ташриф буюрдилар. Бу ерда Бурса ҳокими, маҳаллий туризм идораси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, дунёдаги энг йирик Bursa Teleferik кабинали арқон йўлини иншо этган Teleferik Holding ширкати раҳбарлари билан учрашиб, уларни ҳамкорлик учун Ўзбекистонга таклиф қилинди.
Делегациямиз вакиллари шунингдек, Туркиядаги «GAD» компанияси раҳбарияти билан бренд, меъморлик ва дизайн ечимларини ишлаб чиқиш, тоғ туризмининг истиқболли ривожи, Чимён-Чорвоқ тоғ-туристик зонасида муҳандислик ишларининг ўтказилиши ва кенг кўламли сайёҳлик инфратузилмасининг қурилиши масалаларини муҳокама қилишди...
Хуллас, ҳамкорлик кундан кунга ривож топмоқда. Ўзбекистон туризмининг ривожини Туркия ўз масаласидек кўрмоқда. Демакки, юртимизга хорижликлар ёпирилиб, чойхоналарда туристлар кўплигидан жой топилмайдиган давр яқин!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда