Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига: соҳа ислоҳи бўйича нималар эътиборга олиниши керак?

 
Очиғи, юртимизда сўнгги даврда бўлаётган ижобий ислоҳотлар жамиятнинг деярли барча жабҳасини қамраб олди. Нега деярли дейсизми? Чунки юртимизда ҳали ҳамон фақат ўзи учун ишлаётган бир ташкилот бор, аниқроғи кечага қадар бор эди: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги!
Президентимизнинг матбуотчилар ва ижодкорлар билан учрашувидан кейин бу соҳа, бу идора ҳам ўзгариши аниқ бўлди. Ушбу ташкилот фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори тайёрланаётгани маълум қилинди. Бу янгиликдан хурсанд бўлдик!
Бу борада қилинадиган ўзгаришлар асносида, сўнгги пайтларда анча муаммога айланиб бораётган икки долзарб масалани ҳам эътиборга олинса, нур устига аъло нур бўларди. Биринчиси, Журналист деган мақомнинг эгаси ким? Иккинчиси, Ўзбекистонга қаратилган ахборот хуружларига қарши расман ким курашади??
Бугунги кунда жамиятда ахборотнинг, матбуотнинг ўрни ошиб борар экан, ОАВларнинг ҳаётимиздаги роли ҳам муттасил ошиб бормоқда. Натижа ўлароқ, журналистга бўлган муносабат ўзгача. Бу билан бирга, журналист деган мақомни ҳар ким ҳам ўзига восита қилиб, турли номуносиб фаолиятлар билан шуғулланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Эртага айтайлик, битта газетада уч-тўрт шоу-бизнесга оид мақола чиқариб қўйган шахс, терроризм тарғиботи билан шуғуллангани учун қўлга олинса, бу шахснинг “журналист” экани биринчи планга чиқади-да, “ўзбек қамоқхоналарида журналистлар ўтирибди” деган хабарлар урчийди “холис” дунё матбуотида. Ёки бўлмаса, қандайдир бир танқидий материал ёзиб қўйган шахс, хусусий бизнесидан давлатга тўланиши керак бўлган 100 миллион солиқни тўламагани, фойдани яширгани учун жиноий иш очилади-да, масала яна унинг “журналист”лигига ўтиб кетади....
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, жамиятда журналист мақомини аниқ-равшан белгилаб берувчи механизмни ишга тушириш керак. Буни амалга оширишни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг вилоят бошқармалари орқали йўлга қўйса бўлади. Ҳар бир расмий ОАВ гувоҳномасига эга бўлган таҳририят ўз ижодкор ходимлари учун Республика бўйича ягона кўринишда бўлган ЖУРНАЛИСТ гувоҳномасини олишлари керак. Агентлик томонидан умумий Республика журналистлари базаси шакллантирилиши керак. Бундай гувоҳномани олиш “кўриб чиқиш” усулида эмас, балки таҳририят томонидан билдирилган исмларга ҳеч қандай эътирозсиз белгиланган қисқа муддатда расмийлаштириб бериш тартибида бўлиши керак. Ишдан бўшаган ходимнинг гувоҳномаси олиб қўйилиши ҳамда бошқа бир ОАВда ижодий фаолиятга бошлаганда такроран у таҳририят томонидан расмийлаштирилган ҳолда берилиши керак. Белгиланган ОАВ тўғрисидаги қонун талабларини бузганларга нисбатан эса, гувоҳномасини бекор қилган ҳолда, журналистик фаолиятдан маҳрум қилиш чорасини қўллаш мумкин бўлади.
Иккинчи масала – Ўзбекистонга қаратилган хорижий ахборот хуружларига қарши расман курашувчи ташкилотнинг белгиланиши. Яқинда Туркияда бўлган сафар чоғида Туркия матбуот ва ахборот бош мудирлигининг фаолияти билан танишдик. Ҳайратланарли ҳолат: Бу идорада юзлаб ходимлар дунёнинг барча тилларида Туркия билан боғлиқ чоп этилган материалларни мониторинг қилиш, топиб таржима қилиш билан шуғулланаркан. Барча материаллар умумий таҳлилдан ўтказилиб, дунё матбуотида давлат ҳақида қандай фикр сингдирилаётгани кузатиб борилар экан. Давлатнинг бу расмий ташкилоти томонидан очиқ эътироф этилишича, Туркия ҳақида муттасил бўҳтон ва ёлғон материаллар тарқатиш билан шуғулланувчи манбаларнинг йўқ қилинишигача (!!) бўлган барча ҳаракат учун ваколат ҳамда масъулият Туркия матбуот ва ахборот бош мудирлигида экан!
Бизнингча, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ҳам ушбу шаклдаги мониторинг бошқармаси ташкил этилиши ҳамда унга дунё матбуотидаги Ўзбекистон ҳақидаги ҳар бир жумланинг таҳлилини амалга ошириш вазифасини юкланиши керак. Зеро, матбуот ва ахборотдан жавобгар давлат органи биринчи ўринда ахборот хуружларидан халқни ҳимоя қилиши керак, “ҳ” ёки “х”ни тўғри узатилишидан эмас!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда