Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорига чиқмоқда

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи муносабати билан Россиянинг “Независимая газета”сида “Ўзбекистон ЕАЭС бозорига чиқмоқда. Остона ва Тошкент имкониятлар портфелини қайта кўриб чиқмоқда” номли мақола чоп этилди.
Виктория Панфилованинг ёзишича, Президентнинг давлат ташрифи натижасида Нурсултон Назарбоев билан бир қатор йирик ҳужжатлар имзоланади. Ҳар икки мамлакат иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор, аммо Остона-Тошкент геосиёсий иттифоқини тузиш ҳақида гапиришга вақт эрта дейди, экспертлар.
Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи минтақавий сафари. У яқинда Туркманистонга давлат ташрифи билан борган эди. Бу билан Ўзбекистон раҳбари ташқи сиёсий устуворлик Марказий Осиё эканини намойиш этди. Жаҳон сиёсий марказлари, жумладан, Москва кейинга қолдирилди.
 Экспертлар фикрича, Остонадаги музокараларда ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз боради. Остона ва Тошкент ўртасидаги муносабатларда ўткир муаммолар йўқ, чегара муаммолари ечилган, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш борасида ягона ёндашув мавжуд, минтақа хафсизлиги муаммоларига нисбатан ҳам ўхшаш муносабат шаклланган, бирининг иқтисодиёти иккинчисининг иқтисодиётини тўлдиришга қодир. Буларнинг барчасига қўшимча равишда мустақил эксперт Бахтиёр Эргашев таъкидлаганидек, “Остона ва Тошкент рақобатчилар эмас”. Бундай шароитда яқинлашув муқаррар. 
2015 йили Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 2 миллиард долларга яқин бўлди, яқин келажакда эса мамлакатлар кўрсаткични 5 миллиард долларгача етказиш ниятидалар. Бироқ, дейди эксперт Эргашев, "агар маҳсулот айирбошлаш структураси кўздан кечирилса, қувонарли манзарага дуч келмайсиз". Чунки анча йиллардан бери Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти асосий қисмини табиий газ, пахта толаси, ўғит, мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил этмоқда. Акс йўналишда эса асосан дон, ун, шунингдек, қора ва рангли металлар келтирилмоқда. Эргашевнинг сўзларига кўра, ўрта истиқболдаги муҳим вазифалардан бири икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо тузилмасини диверсификациялаш ҳисобланади. Унинг фикрича, Остонадаги музокараларнинг асосини янги, нохомашёга таянадиган савдо-иқтисодий ва сармоявий сиёсатни такомиллаштириш, иқтисодий алоқаларнинг янги шаклларини қидириб топиш, қўшимча қиймат занжирини масалан, автосаноат соҳасида шакллантириш масалалари ташкил этади. Таъкидлаш керакки, енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналарини биргаликда ишлаб чиқриш бўйича келишувлар бор. Лойиҳа иштирокчилари сифатида икки мамлакатнинг етакчи GM Uzbekistan, "СамАвто" ва "Азия-Авто" каби заводлари номлари келтирилмоқда. "Қозоғистонда қўшма автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш  – бу ўзбек авто ишлаб чиқарувчиларининг ЕАЭС доирасида ўзбек енгил автомобиллари экспортига қўйилган чекловларни четлаб ўтишга қаратилган ҳаракати, зеро, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг локализацияси даражаси туфайли жиддий чеклов чоралари ташкилот доирасида амал қилади. Мазкур чекловлар натижасида ўтган йили енгил автомобилларимизнинг РФ ва Қозоғистонга экспортида тушкунлик пайдо бўлди. Қозоғистондаги қўшма корхоналар GM Uzbekistanда чиқарилаётган автомобилларни бирмунча имтиёзли тартибда ишлаб чиқариш ва ЕАЭС маконида сотиш имконини беради", – дейди Бахтиёр Эргашев.
Олдинроқ "НГ"  хабар қилганидек, музокаралардаги яна бир муҳим масала М39 трассаси бўйича Қозоғистонннинг Мактаарал тумани ҳудуди орқали йўловчи ва юк ташиш ҳақидаги келишув бўлади. Йўл 2006 йили ёпилган эди. Ўзбек автомобилларининг Самарқанддан Қозоғистонга боришлари учун 100 чақириқ масофани айланиб ўтишларига тўғри келади. Яна бир масала логистика соҳаси саналади. Томонлар ҳозирда муҳокама этаётган Қозоғистон шарқи ҳамда Каспий бўйидаги Актау ва Курик портларида ташкил этилаётган мултимодал транспорт-логистика марказлари хусусида мулоқот олиб бориши аниқ. Чунки бу марказлар ўзбек экспорти ва импортининг ҳам Хитой, ҳам Кавказ-Қора денгиз йўналишларида дарвозага айланиши мумкин. Хавфсизлик муаммолари ҳам муҳокама этилади. Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти илмий ходими Станислав Притчиннинг "НГ"га айтишича, "ҳам Остона, ҳам Тошкент учун террорчилик, жиноятчиликка қарши кураш масалалари ўткир бўлиб, Афғонистондан ҳам умумий таҳдид мавжуд".
Умуман олганда, айтиш мумкинки, минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича алоқаларнинг фаоллашуви – бу барча минтақавий ўйинчилар учун ижобий ҳолат саналади. Кўплаб омиллар ва кўплаб соҳаларда манфаатлар уйғунлигига қарамай, экспертлар Остона-Тошкент геосиёсий шерикчилик ўчоғининг шаклланиши ҳақидаги иддаоларни вақтли дейишмоқда. "Минтақанинг икки асосий мамлакати минтақадаги вазиятга, жумладан, минтақадан ташқари марказ кучларга ҳам жиддий таъсир кўрсата оладиган даражада сиёсатларини мувофиқлаштириши нур устига аъло нур бўларди", – дейди "НГ" га Марказий Осиё ва Ўрта Шарқ масалалари бўйича эксперт Александр Князев. Бунинг фарқи йўқ, иқтисодиёт бўладими, хавфсизлик, сув-энергетика, диний-экстремистик ва террорчиликка қарши ҳамкорлик хусусиятида бўладими. Улар ҳамкорлиги ўзаро фойдали имкониятларни бирлаштиради. Бу Қозоғистоннинг ЕАЭС ёки ОДКБ каби кўп томонлама кўринишдаги ташкилотлардаги иштирокини бекор қилмайди, аксинча, Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг фаоллашуви Остонанинг мазкур тузилмалардаги позициясини кучайтиради, икки мамлакатнинг бирлашган позицияси уларнинг ШҲТ каби ташкилотлардаги иштироки самарадорлигини оширишга хизмат қилган бўларди.
                                            Абдували Сайбназаров тайёрлади

Биз Twitterда