Ўзбекистонда долзарб масалаларни ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ўрни қандай?

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясининг ҳудудий сайлов-ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
 
 
Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясининг ўтган беш йил давомидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш асносида Ассоциация фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Ассоциация 2005 йилнинг май ойида жамоат ташкилотларининг интеллектуал, моддий-техникавий ресурсларини давлат ва жамият қурилишининг устувор масалаларини амалга ошириш, эркин ва очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш мақсадида ташкил топган бўлиб, ўз фаолиятини аёллар ва ёшлар, ҳуқуқий, экология, иқтисод ва таълим ҳамда ижтимоий-гуманитар йўналишларида олиб боради.
Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий, жамоат ривожланишининг долзарб масалаларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини самарали ташкиллаштиришда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ресурс марказлари ўзларининг алоҳида ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда Ассоциация республиканинг барча ҳудудларида ўзининг 14 та ресурс марказига эга.
Конференция доирасида маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Наманган вилояти Ресурс марказининг 2011-2016 йиллар давридаги фаолияти бўйича ҳисоботини эшитдилар. Хусусан, ҳисобот даврида Ассоциация Ресурс маркази томонидан 25 га яқин тадбир ташкил қилингани эътироф этилди. 6 та турли хил мавзуларда давра суҳбати, 7 та семинар ва тренинг, 7 та давлат органлари вакиллари билан учрашув, ўтакзилган 5 та мониторинг шулар жумласидандир. Бундан ташқари, вилоят Ресурс маркази томонидан 25 та ярмарка, акция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар муваффақиятли ташкил этилиб, юқори савияда ўтказилган.
Шу ўринда таъкидлаш ўринли, ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида иштирок этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Мисол учун, 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” ҳудудий дастури доирасида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясига аъзо бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан қарийиб 8 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2015йил «Кексаларни эъзозлаш йили» ҳудудий дастури доирасида 18 та, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” ҳудудий дастури доирасида 12 та нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз лойиҳалари билан иштирок этдилар.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ресурс марказлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга 524 маротаба ташкилий-техникавий, ахборот-услубий ва ҳуқуқий кўмаклар кўрсатилгани эътиборга молик. Бугунги кунда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида шакллантирилган турли хил масалалар бўйича доимий ишчи гуруҳлар ва комиссиялар таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбар-мутасааддилари фаол иштирок этиб келишлмоқда. Мисол учун, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси, одам савдосига қарши курашиш бўйича минтақавий комиссия, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш комиссияси, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва бошқалар шулар жумласидандир.
Конференцияда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури лойиҳаси учун нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эҳтиёжи ва манфаатлари инобатга олинган ҳолда бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Мазкур дастур лойиҳаси Конференциянинг республика босқичига кўриб чиқиш учун киритилади ва Ассоциация Кенгашининг навбатдаги йиғилишида тасдиқланади.
Тадбир иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциациясининг Янги таҳрирдаги Ахлоқ кодексини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу кодекснинг такомиллаштирилиши Ассоциация аъзоларининг маънавий мажбуриятларни ўз зиммаларига олишлари ва жамиятнинг умумий манфаатларига хизмат қилишларига қаратилмоқда.
Конференция якунида ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳисобот-сайлов конференциясининг республика босқичига Наманган вилоятидан 4 нафар делегат сайланди.
Зафаржон ВОҲИДОВ

Биз Twitterда