Ўзбекистонда хорижнинг 500 та энг яхши Олий ўқув юртлари дипломлари синовларсиз тан олинади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (pdf) билан Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни  тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, хорижий давлатларнинг умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.
 
 
Хорижий давлатларнинг тўлиқ ўрта (тўлиқсиз ўрта, ўрта) маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.
10 ва 11-синф битирувчисининг маълумот тўғрисидаги ҳужжатлари тегишли равишда академик лицейнинг 1 ва 2-босқичини тугатганлигига ҳамда 12 ва ундан юқори синф битирувчисининг ҳужжатлари ўрта махсус маълумотга тенглаштирилади.
Хорижий давлатларнинг умумий ўрта таълим ва тўлиқ ўрта (тўлиқсиз ўрта, ўрта) маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тегишли комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ҳафта муддатда амалга оширилади.
Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Президент ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган;
  • Президент ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг ОТМларида таълим олган;
  • мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида ОТМлар бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;
  • халқаро тан олинган ташкилотларнинг ОТМлари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ДТМнинг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган ОТМларда таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.

Биз Twitterда