"Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Валерий Гергиев бошчилигида Мариинский театри филармония оркестри концерти бўлиб ўтди

Дунёни лол қолдирган кўплаб мусиқалар унинг ишораси билан янграйди, бутун оркестр унинг измига бўйсунади. Дирижёрлик "таёғи"ни ўйнатиб, санъат оламида ном қозонган Валерий Гергиевнинг концертини кутмаган мусиқа ихлосманди кам топилса керак. 
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Россия Федерацияси халқ артисти, Мюнхен филармонияси оркестри бош дирижёри Валерий Гергиев бошчилигида Санкт-Петербургнинг Мариинский театри филармония оркестри концерти бўлиб ўтди. Кечада К.Дебюсси, И.Стравинский, П.Чайковский ижодига мансуб мусиқалар янгради. 
 
 
Таниқли рус санъаткорлари иштирокидаги концертда солист –иқтидорли ёш ўзбек пианиночиси Беҳзод Абдураимов машҳур рус композитори Сергей Прокофьевнинг оркестр жўрлигида фортепиано учун "3-концерт"ини ижро этди. 
Машҳур рус дирижёри, нафақат Россия, айни пайтда Буюк Британия, Франция, Италия, Германия, Япония, Испания ва бошқа мамлакатлар филармоник оркестрларига дирижёрлик қилиб келаётган Валерий Гергиевнинг Тошкентдаги концерти мухлислар олқишига сазовор бўлди. 

Биз Twitterда