Ўзбек боксини дунёга танитиш навбати қизларимизда: Ҳиндистонда Жаҳон чемпионати бошланяпти!

 
19-26 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Ассам штатида жойлашган Гувахати шаҳрида бокс бўйича қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Бу турнир, ёзги Олимпиада ўйинларида аёллар бокс мусобақаларини 5 та вазн тоифасида ўтказиш бўйича қарор қабул қилингандан сўнг бўлиб ўтаётган илк жаҳон биринчилиги бўлгани боис, унга бўлган эътибор ва қизиқиш жуда юқори. (аввал 3 та вазн тоифасида ўтказилар эди)
Жаҳон чемпионатида дунёнинг 39 та давлатидан 193 боксчи қизлар иштирок этишади. Бу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам кучли таркиб билан иштирок этмоқда. Юртимиз шарафини ҳимоя қилишга отланган қизларимиз – Хурсаной Холматова (51 кг), Мафтуна Файзуллаева (54 кг), Дурдона Раҳматова (57 кг), Маҳлиё Раҳимова (60 кг), Шаҳноза Юнусова (69 кг) ва Мавлуда Мавлонова (75 кг) мусобақадан совринлар билан қайтишади деб ишонч билдириб қоламиз.
Мусобақага дунёнинг қолган давлатлари спортчи қизлари ҳам катта тайёргарлик кўришмоқда. Айниқса голландиялик Челси Хейнин, америкалик Хевен Гарсия, россиялик Анастасия Шамонова каби боксчилардан ёрқин чиқишлар кутилмоқда. Бироқ умид қиламизки, эркаклар ўртасидаги халқаро мусобақаларда ўзбек боксчиларига қарши рингга чиқиб попуги пасайган “акалари” қатори, юқорида номи келтирилган боксчилар ҳам қизларимиз қаршисида рингда ожиз қолишади.
 

Биз Twitterда